ОИЛА ВА НИКОҲ — МУҚАДДАС

30 ноябрь 2018

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Жиззах вилоятида сайёр қабуллар ўтказилди. Жами 105 нафар фуқаро қабул қилиниб, шундан 14 нафарига судга ариза бериш ҳуқуқи ва тартиби тушунтирилди. Шунингдек, 43 та мурожаат жойида ҳал этилди.

Вилоятнинг Ғаллаорол тумани Қўйитош шаҳар фуқаролар йиғинида яшовчи 6 та кам таъминланган оиладан хабар олиниб, уларга совғалар тақдим этилди. Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда 59 нафар ўртадаги низо туфайли ало­ҳи­да-алоҳида яшаётган эр-хотин яраштириб қўйилди, натижада уларнинг оилалари қайта тикланди. 

Сайёр қабуллар жараёнида жа­ми 104 нафар шахснинг озодликка чиқиши таъминланди. 

Шундан 7 нафари — суд залидан, 97 нафари жазони ижро этиш муассасасидан озод этилди. 

Сайёр қабуллар жараёнида Жиззах шаҳар ҳокимлиги биносида ўтказилган очиқ мулоқот оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий низолар ва никоҳдан ажрашишларнинг олдини олиш масалаларига бағишланди. 

Унда Олий суд раиси ўринбосари Х. Ёдгоров, фуқаролик ишлари бўйича Жиз­зах вилоят судлари судья­лари, имом-хатиблар, туман ҳокимлари ўринбосарлари — хотин-қизлар қўмитаси раислари, маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоллари ва мутахассислари, "Оила" илмий маркази, Ёшлар ит­тифоқи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, шунингдек, вилоятдаги оилавий низолари мавжуд бўлган фуқаролар иштирок этди. 

Йиғилишда асосий эътибор оила мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажримларнинг олдини олишга доир масалаларга қаратилди. Шунингдек, жамиятимизда инсон ҳуқуқ­лари ва қонуний манфаатларини сўз­сиз таъминлаш, хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини юксалтириш ҳамда оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳақида ҳам фикр алмашилди. 

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралда қабул қилинган "Хотин-қизларни қўл­лаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган устувор вазифалар ижроси ҳақида фикр юритилди. Хусусан, Фармон ижроси доирасида Олий суд раиси ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси томонидан қўшма кўрсатма имзолангани, бу борада ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди. 

Очиқ мулоқот жараёнида вояга етмаганлар ва аёллар жазони ўташ муассасаларидан олинган видеолавҳалар намойиш этилди. 

Шунингдек, йиғилиш иштирокчиларига "Оила ва никоҳ муносабатларининг ҳуқуқий тартиби" рисоласи тарқатилди. 

Ушбу тадбир сўнгида ҳам турли сабабларга кўра, ажрашиб яшаётган эр-хотинлар билан алоҳида суҳбатлар ўт­казилди. 

Натижада яна 17 та оила тикланишига муваффақ бўлинди. Аҳил оилалар аъзоларига совғалар топширилди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати