ОЛИЙ СУД РАИСИ САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

11 март 2019

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятидаги Халқ қабулхонасида Олий суд раиси К. Комилов сайёр қабул ўтказди.

Мамлакатимизда демократик ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш, суд иши юритуви сифатини янада яхшилашга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бермоқда.
 
Олий суд раиси, судьялари, вилоят жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлари раислари иштирокида ташкил этилган сайёр қабулда 100 дан ортиқ фуқаро турли масалалар юзасидан мурожаат қилди.
 
– Менга Жиноят ишлари бўйича Асака туман судининг 2017 йил декабрь ойидаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти асосида уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган эди, – дейди Асака туманидаги “Эргашобод” маҳалласида яшовчи Санъатбек Азимов. – Олий суд раисига белгиланган жазо муддатидан олдин бекор қилинишини сўраб мурожаат қилдим. Қилган айбимдан пушаймонлигим, ўзимни яхши томонлама кўрсатганим инобатга олиниб, мурожаатим ижобий ҳал этилди. Бундан жуда хурсандман. 
 
Қабул давомидаги мурожаатларнинг аксариятини фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, суд қароридан норози бўлиш, белгиланган жазони енгиллаштириш, уй-жой, мерос масалалари ташкил этди.
 
– Вилоят иқтисодий суди томонидан тадбиркорлик фаолиятимиз ҳамда ҳуқуқларимиз билан боғлиқ мурожаатларимиз тегишли тартибда кўриб чиқилмаётгани юзасидан мурожаат қилдим, – дейди Хўжаобод туманидаги “Эргашбой барака ризқи” МЧЖ иш юритувчиси Муҳаммадяҳё Юсупов. – Қабулда вилоят иқтисодий суди раиси фаолиятимиз билан боғлиқ иш яқин муддат ичида тегишли тартибда кўриб чиқилиб, қонун доирасида ҳал этилишини билдирди. Тегишли тушунча ва тавсиялар берди.
 
– Бир неча йил аввал менга тегишли 2 гектар майдондаги боғ бузилганди, – дейди Улуғнор тумани Шаҳриобод маҳалласида яшовчи Иброҳимжон Бойматов. – Бўз туманлараро суди бузилган боғ учун моддий ва маънавий зарарни қоплаш бўйича тегишли қарор чиқарган. Унга асосан ўша ҳудуддаги фойдаланилмай турган бино менга ўтказиб берилган. Бироқ бугунги кунда ана шу бино сохта ҳужжатлар асосида мендан олиб қўйилган. Ушбу масала юзасидан Олий суд раисига мурожаат қилдим. Мурожаатим бўйича хизмат текшируви ўтказилиши, масалага ойдинлик киритилиши маълум қилинди.
 
Сайёр қабул давомида мурожаатлар юзасидан муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли ва мутасадди идоралар вакилларига топшириқ, мурожаат қилувчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
 
 
ЎзА