"РАНГДОР" ЎҒИРЛИКЛАР ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАДИ

26 декабрь 2018

 

Мамарасул Эшов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида 2018 йилнинг август ойларида Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қорақамиш-2/4 даҳаси, 3-А уй олдида Тоҳиров Нодирхўжа Абдурауфхўжа ўғлининг ишончига кириб, ундан нархи 1 500 000 сўм бўлган “REDMI NOTE 4 X” русумли уяли алоқа телефонини қўнғироқ қилиб, фойдаланиш учун сўраб олиб, воқеа жойидан яширинган.

Кўп ўтмасдан М. Эшов 2018 йил 23 август куни Тошкент шаҳар, Олмазор тумани Қорақамиш-2/4 даҳаси, 3-А уй олдида Сарвиноз Раҳимованинг ишончига кириб, ундан нархи 1 500 000 сўм бўлган “MI 5 GOLD” русумли уяли алоқа телефонини алдов йўли билан олиб, уни ҳам чув туширади. 

“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас“, деганларидек, М. Эшов 2018 йил 14 сентябрь куни Тошкент шаҳар, Олмазор туманида жойлашган “Сокин Сой” кафеси олдида Қорабабаев Дилшод Каримовнинг ҳам ишончини поймол қилади. Ундан ҳам нархи 1 600 000 сўм бўлган “REDMI NOTE 5” русумли уяли алоқа телефонини қўнғироқ қилиб фойдаланиш учун сўраб олади ва яна ўзи билганича воқеа жойидан ғойиб бўлади. 

Бундан ташқари, М. Эшов ўғирлик борасидаги тажрибасини ошириб борди. 2018 йил 24 сентябрь куни тахминан соат 15:30 ларда Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қорақамиш-2/1 даҳаси, 19-Б уй олдида бўла туриб, Каримов Ҳусан Баратов томонидан қаровсиз қолдирилган давлат рақами 10 916 OBА бўлган “Газель” русумли автомашинасини олди чап тараф эшиги ойнасини синдириб, ичидаги нархи 1 000 000 сўм бўлган “Пионер” русумли магнитофон ва 250 000 сўм пулларни ўғирлаб, машинани тунаб кетди. 

М. Эшов яна қинғир ишларни қилишда давом этди. Осон йўл билан пул топиш унга ёқиб қолди. 2018 йил 24 сентябрь куни Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қуёш маҳалласида жойлашган “Ж” блок уй олдида Жамила Обидовани алдаб, ундан нархи 3 000 000 сўм бўлган “SAMSUNG S 5” ва нархи 3 600 000 сўм бўлган “SONY” русумли уяли алоқа телефонларини сотиб олишини айтади ва олиб қочиб кетади. 

Аммо ҳеч бир қилмиш жазосиз қолмаслиги бу файласуф ҳаётнинг бизга қолдирган ягона одил меросидир. Кўпларнинг молини талон-торож қилган М. Эшов қанчалик тажрибали бўлмасин, унинг қинғир ишлари ошкор бўлди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судида Мамарасул Эшов иши юзасидан очиқ суд бўлиб ўтди. Унда М. Эшов жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, тегишли жазо чоралари белгиланди. 

 

 

ЎзА