СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ ЯНГИ БОСҚИЧДА

28 ноябрь 2018

“Тараққиёт стратегияси” марказида “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

reformirovanie.png

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди. 

Юртимизда биринчи бор Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда 207 маъмурий суд ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган 85 иқтисодий суд фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, судьялар ваколат муддатлари ҳам узайтирилди. 

– Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 36 минг 889 нафар шахсга нисбатан 28 минг 730 иш кўриб чиқилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Зафар Назаров. – Ушбу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан шахслар бўйича 37,9 фоиз, ишлар бўйича эса 36,5 фоизга камайган. Бундан ташқари, 590 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинган бўлиб, бу кўрсаткич 2017 йилда 262 нафарни, 2012-2016 йилларда атиги 7 нафарни ташкил этган эди. Ўтган вақт давомида судлар томонидан ишларни сайёр суд тартибида кўриб чиқиш амалиёти кенгайди. 

Тадбирда соҳа мутахассислари иш фаолиятини яхшилаш, аҳолига қулайлик яратиш бўйича амалиётга жорий этилаётган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари тўғрисида ҳам айтиб ўтилди. 

Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони талабларидан келиб чиққан ҳолда барча суд қарорларини Олий суд веб-сайтида тизимли равишда эълон қилиб бориш амалиёти жорий этилди. Судлар фаолиятида марказлаштирилган электрон маълумотлар базаси, ижро варақаларининг электрон юборилиши ва суд ишларининг судьялар ўртасида автоматик тарзда тақсимланиши тизимлари ҳам ишга туширилди. 

Мамлакатимизда биринчи бор доимий ишловчи суд мажлисларининг онлайн-трансляцияси жорий этилди. Бу реал вақт режимида Олий суднинг веб-сайти орқали суд мажлисларини бевосита тўғридан-тўғри кузатиш имкониятидир. Суд мажлисларини онлайн кузатиш жараёнлари фуқароларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаган ҳолда ва суд иштирокчиларининг розилиги билан амалга оширилади. 

Олий суд вакиллари журналистларнинг саволларига жавоб берди. 

 

ЎзА