САЙЁР ҚАБУЛДА 60 ДАН ЗИЁД ФУҚАРОНИНГ МУРОЖААТИ ТИНГЛАНДИ

28 март 2019

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳамда Олий суд судьялари Хўжаобод туманида сайёр қабул ўтказди.

 

sajer-kabul-minust1.png

– Қабулни ўтказишдан мақсад суд идоралари томонидан қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, жиноятчилик профилактикаси борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг суд идоралари билан боғлиқ муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суд судьяси Зарифа Қурбонова. 

Сайёр қабул давомида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан 60 дан зиёд фуқаро суд-ҳуқуқ соҳасига оид ўзини қийнаётган турли масалалар юзасидан мурожаат қилди. Қабулда, шунингдек, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва жиноят ишлар бўйича вилоят судлари раислари ҳам иштирок этди.

 

sajer-kabul-minust2.png

– Бир неча йил божхона тизимида ишлаганман, – дейди Булоқбоши тумани "Ширмонбулоқ" маҳалласида яшовчи Азизбек Бектошев. – 2014 йилдан Наманган вилоятида ишлардим, 2016 йилда ҳеч қандай сабабсиз ишдан бўшатишди. Наманган вилояти божхона бошқармасига ишдан бўшатилишим сабабини сўраб, кўп мурожаат қилдим. Лекин ариза ва мурожаатларим кўриб чиқилмаяпти. Бугунги қабулга ана шу муаммони ҳал этиш бўйича ёрдам сўраб келган эдим, ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди.

Сайёр қабул давомида 26 та мурожаат қаноатлантирилди, қолганларига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, мурожаат қилувчиларнинг ҳуқуқий билимини ошириш юзасидан суҳбатлар ўтказилди.

 

sajer-kabul-29-03-2019.png

 

ЎзА