САЙЁР ҚАБУЛЛАР: АКСАРИЯТ МУРОЖААТЛАР ҲАЛ ЭТИЛДИ

07 март 2019

Бугун мамлакатимизда  адолат ва қонун устуворлигига, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга олий қадрият сифатида қаралмоқда.

Президентимиз 2017 йилда судьялар билан ўтказилган учрашувда “Асосий мақсадимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир” деган фикрлари бу борада дастурил амал бўлмоқда. 
 
Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар, сайёр қабуллар ва учрашувлар ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.
 
Жорий йилнинг 4-6 март кунлари Наманган вилоятининг Чуст, Янгиқўрғон туманлари ва Наманган шаҳар Халқ қабулхоналарида Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров ва Олий суд судьялари,  Бош прокуратура ходимлари билан биргаликда аҳолининг жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судларга оид мурожаатлари юзасидан сайёр қабуллар ўтказилди. 
 
Сайёр қабуллар давомида 102 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Шундан 12 нафар фуқаронинг назорат тартибида аризаси қабул қилинди, 18 нафар фуқаронинг мурожаати жойида ҳал этилди ва 72 нафар фуқарога  тегишлилиги бўйича мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. 
 
Ўтказилган сайёр қабулларда маҳалла раислари, нотинч оилалар ва жазони ижро этиш муассасидан озод қилинган, ҳозирда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаётган, муқаддам судланган шахслар билан суҳбатлар ўтказилди, натижада 2 та оила яраштирилди. 
 
Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2 та уй-жой низоси ва оталикка эътироз билдириш ҳақидаги  фуқаролик ишлари кўрилиб, якуний қарор қабул қилинди. 
 
Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 4 нафар шахс биринчи инстанция судлари томонидан, 3 нафар шахс апелляция ва 2 нафар шахс кассация инстанцияси томонидан, жами 9 нафар шахс суд залидан озод қилинди. 
 
Жиноят ишлари бўйича  Чортоқ тумани судининг 2016 йил 15 августдаги ҳукми билан фирибгарлик жинояти бўйича судланиб, жазони ўтаётган маҳкум 1974 йилда Чортоқ туманида туғилган Обиджон Хасановнинг жиноят иши  унинг адвокати келтирган шикоят асосида Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан сайёр суд мажлисида Наманган вилоятида  назорат тартибида кўрилиб, О.Хасанов суд залидан озод қилинди. Озодликка чиққан О.Ҳасанов Президентимизга, бағрикенг халқимизга ўз миннатдорлигини билдирди.
 
 Чуст шаҳар Сабзор МФЙ, С.Айний кўчасида яшовчи Арисланов Музаффар отаси Арисланов Махсуджон Жиноят кодексининг 167,168 ва бошқа моддалари билан судланиб, 5 йилу олти ой муддатга озодликдан махрум этилгани, ҳозирда жазонинг ярмидан кўпини ўтагани, жазони ўташ вақтида бетоб бўлиб қолгани, унинг бетоблиги жазони ўташга тўсқинлик қилаётгани сабабли жазони енгилроғи билан алмаштириб беришни сўраб мурожаат қилди. Ариза назорат тартибида ўрганиш учун қабул қилинди. 
 
Сайёр қабул кунлари ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазосини ўтаётган  80 нафар шахс жиноят кодексининг 73-моддаси тартибида ўталмай қолган жазо муддатидан шартли равишда озод қилинди.
 
Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди томонидан Наманган вилоят ИИБ 6-сонли жазони ижро этиш муассасасида сайёр суд мажлиси ўтказилиб, 16 нафар шахс жазони ижро этиш калоннасидан озод қилиниб, жазони ўташ учун манзил калонияларига ўтказилди. 1 нафар шахс ЖКнинг 74-моддаси тартибида ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроқ жазога алмаштирилиб, оиласи бағрига қайтарилди. 
 
Уйчи туманидаги тергов ҳибсхонасида ушлаб турилган  шахслар билан ҳам суҳбат ўтказилди. 2 нафар вояга етмаган бола ва 3 нафар жазони ўташ учун қайтариш белгиланган аёлларнинг аризаси қабул қилинди. Хусусан, қарамоғида кекса онаси ва 2 ёшли вояга етмаган  қизи бўлган ЖКнинг 131-моддаси билан судланиб, тайинланган мажбурий жамоат ишлари жазоси озодликдан махрум қилиш жазосига алмаштирилган Дилнора Анарбоева шикояти қабул қилиниб,  2019 йил 6 март куни вилоят суди томонидан кўриб чиқилди ҳамда туман судларининг жазони ўташ учун қайтариш ҳақидаги ажримлари бекор қилиниб, у озодликка чиқарилди.
 
– Мен бу жазони ўташ тартибини бузганлигим сабабли 2019 йил февраль ойида ушбу жазо ўзгартирилиб, суд залидан қамоққа олиндим, – дейди қувончдан  кўз ёшларини тия олмаган Д.Арапова. – Жазони ижро этаётган жойимизга Олий суд вакиллари келиб, мен ва яна 15 нафар маҳкумлар билан суҳбатлашди. Мен бошимдан ўтган ҳолатларни гапириб берганимда шикоят ёзишимни тушунтирдилар. Ёзган аризам шу куннинг ўзида, яъни 6 март куни жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, мени суд залида қамоқдан озод қилишди.
 
Мен қилган ишимдан пушаймонман ва берилган бу имкониятдан тўғри фойдаланаман. Мени кечирганликлари учун Президентимизга ва Олий суд раҳбариятига миннатдорлик билдираман. 
 
Хулоса ўрнида айтганда, сайёр қабуллар давомида жами 29 нафар шахслар озод қилинди. Шулардан 13 нафари суд залининг ўзида қамоқдан чиқарилиб, оиласи бағрига қайтарилган бўлса,  16 нафар шахсга нисбатан жазо енгили билан алмаштирилиб, жазони ўташ жойларидан чиқарилди. 
 
                                               
Олий суд Матбуот хизмати