САЙЁР ҚАБУЛЛАР: АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ЎРГАНИЛМОҚДА

12 март 2019

Суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш устувор вазифалардан биридир.

sajer-kabul4.png

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланган.
 
Бугунги кунда халқ ичига кириб бориб, уларнинг дарду ташвишларини эшитиш ҳар бир вазирлик ва идораларнинг асосий фаолият мезонига айланмоқда.
Олий суд раҳбарияти ҳам  халқнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадида жойларда сайёр қабуллар ўтказмоқда. 
 
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б.Исаков ва Олий суд судьялари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси ходимлари билан биргаликда сайёр қабуллар ўтказди. 
 
Сайёр қабулда жами 44 та фуқаро қабул қилинди. Мурожаатларнинг 17 таси жиноят ишлари, 6 таси маъмурий ишлар, 15 таси фуқаролик ишлари, 5 таси иқтисодий ишлар бўйича келиб тушди. 1 та мурожаат ишга жойлаштириш масаласида бўлди.
 
Мурожаат юзасидан жиноят ишлари бўйича 9 та, маъмурий ишлар бўйича 1 та, фуқаролик ишлари бўйича 2 та назорат тартибида шикоятлар ўрганиш учун қабул қилинди.
 
Жумладан, фуқаро Т.Каниязов фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2019 йил 17 январь кунги ажримини бекор қилишни сўради. Даъво қаноатлантирилди.
 
Зулфия Бердимуратованинг Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари бўйича судига ишга жойлашиш ҳақидаги мурожаати  тингланиб,  унинг ҳужжатлари ўрганиш учун қабул қилинди. 
 
- Сайёр қабулда Чимбой тумани Маъмурий судининг 2018 йил 7 декабрдаги ҳал қилув қарори ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий судининг 2019 йил 4 феварль кунги қароридан  норозилигимни билдирдим. Суд раҳбарлари бу масалани ўрганиб чиқиб, қўшимча маълумот беришларини тушунтиришди, - дейди фуқаро Г.Комекова. -  Умуман бундай сайёр қабулларнинг ўтказилиши бизнинг суд идораларига ишончимизни орттирмоқда. 
 
Сайёр қабуллар давомида жиноят ишлари бўйича 8 та, маъмурий ишлар бўйича 4 та, фуқаролик ишлари бўйича 14 та ва иқтисодий ишлар бўйича 5 та оғзаки мурожаат юзасидан тушунтириш берилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б.Исаков ва Олий суд судьяларининг фуқаролар билан тизимга дахлдор мурожаатлари юзасидан сайёр қабули  Хоразм вилоятида ҳам бўлиб ўтди.
 
Ташкил этилган сайёр қабулда суд қарорларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаати тингланди. 
 
Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида ҳал қилинди.
 
Ўтказилган сайёр қабулда 56 нафар фуқаронинг мурожаати тингланиб, шундан 14 нафар фуқаронинг назорат тартибидаги аризаси қабул қилинди, 41 та мурожаат бўйича оғзаки тушунтириш берилди. 
 
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларининг  Хоразм вилоятида ўтказилган сайёр қабул давомида халқимизга хос бўлган инсонпарварлик тамойиллари асосида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2 нафар судланувчи суд залида қамоқдан озод қилиниб, оиласи,  яқинлари бағрига қайтарилди.
 
Жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2019 йил 21 февралдаги ҳукми билан фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланиб 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган Қ.Жуманиёзовнинг жиноят иши 2019 йил 11 март куни апелляция тартибида келтирилган шикоят асосида Хоразм вилоят суд томонидан кўрилиб, жиноят оқибатида етказилган зарарнинг ўрни қопланганлиги инобатга олиниб, Қ.Жуманиёзов суд залининг ўзида қамоқдан озод қилинди.
                                                                  
Олий суд Матбуот хизмати