САЙЁР ҚАБУЛЛАРДАН АҲОЛИ МАМНУН

28 март 2019

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ушбу ислоҳотлардан асосий мақсад – суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ҳамда қонун ва адолат устиворлигини таъминлашдан иборат.
 
Ҳозирги шиддатли давр талаби ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш учун кўпроқ халқ билан юзма-юз ва очиқ мулоқот қилишимизни тақозо этмоқда.
 
Президентимизнинг “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоясига амал қилган ҳолда, жорий йилнинг 26-27 март кунлари Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров ва судьялари томонидан тизимга дахлдор масалалар юзасидан аҳоли билан учрашувлар ўтказилди. 
 
Бухоро шахри, Шофиркон, Олот туманларида ташкил этилган сайёр қабулларда суд қарорлари ва ажримларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган жами 72 нафар фуқароларнинг мурожаати тингланди. Сайёр қабуллар давомида 
20 та ажрашиш арафасида бўлган оила яраштирилди. 
 
Шунингдек, халқимизга хос бўлган инсонпарварлик тамойиллари асосида 13 нафар маҳкумга нисбатан ИИБ Пробация гуруҳ тақдимномалари қаноатлантирилиб, улар жазонинг ўталмай қолган қисмидан муддатидан илгари озод қилинди. 1 нафар судланувчи эса суд залидан озод қилиниб, оиласи, ўз яқинлари бағрига қайтарилди. 
 
Жойлардаги қабул жараёнларида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари томонидан фуқароларга судлар фолиятига оид китоблар тарқатилди.
 
Ўтказилган учрашувларда ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ва оилавий ажримларнинг олдини олиш ҳамда алимент, мерос ҳуқуқига оид муносабатларни тартибга солишда судлар маҳалла, ёшлар ва бошқа жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кучайтириши лозимлиги таъкидланди.
 
Очиқ мулоқотлар чоғида инсонпарварлик тамойилларига таянган ҳолда маҳкумларнинг муддатидан олдин шартли озод этилиши, судланувчининг яқинлари бағрига қайтарилиши, оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг бузилишидан сақлаб қолиниши фуқароларнинг давлатга, одил судловга бўлган ишончи ошишига хизмат қилди.
 
 
Наргиза Қувончева,
журналист