САЙЛОВ КОДЕКСИ — ДЕМОКРАТИЯНИНГ ЁРҚИН ИФОДАСИ

15 июль 2019

Сайлов халқ ҳокимиятчилигининг муҳим белгиси, яъни фуқаролар давлат ҳокимиятига даврийлик асосида ўз муносабатини билдиришининг алоҳида воситасидир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича тегишли чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Натижада миллий сайлов тизими нафақат давлат ҳокимияти органларини демократик шакллантириш тизимининг муҳим унсурига, балки фуқаролик жамиятининг давлат бошқарувида иштирок этиш даражаси кўрсаткичига ҳам айланди.

Шу билан бирга, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, давлат органларини шакллантириш жараёнини янада демократлаштириш сиёсати сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича тўпланган тажриба, замонавий халқаро сайлов стандартларини ва сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда сайлов тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни тақозо этди.

Жорий йил 25 июнда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилинганини давримизнинг худди ана шу долзарб талаби билан изоҳлаш ўринлидир.

Маълумки, Сайлов кодекси кучга киргунга қадар мавжуд бўлган 5 та қонунда, яъни Олий Мажлисга сайлов, Президент сайлови, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов, Марказий сайлов комиссияси, фуқаролар сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўҚрисидаги қо­нун­ларда жами 190 та модда мавжуд эди.

Энди улар тизимлаштирилди, қайтарилишлар, такрорлар бартараф этилди ва 18 та боб, 103 моддадан иборат яхлит ҳамда ягона Сайлов кодекси қабул қилинди.

Сайлов кодексининг қуйидаги 6 та жиҳати, айниқса, эътиборга моликдир.

Биринчи муҳим жиҳат — сиёсий майдон тўлиқ сиёсий партияларга берилиши. Бу кодексдаги энг катта янгиликлардан биридир. Эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда 135 эмас, балки тўлиқ 150 та сайлов округида номзодларини кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Бинобарин, Экологик ҳаракатга қўйилган квота чиқариб ташлангани, маҳаллаларнинг жойлардаги давлат ҳокимияти кенгашларига сайловларда номзод кўрсатиш ҳуқуқи бекор қилиниши сиёсий майдонда партияларнинг янада ўзини намоён қилишига, Парламентда кўпроқ ўрин олишига, кўппартиявийлик ва партиялараро рақобатни ривожлантиришга имконият яратади.

Кодексда сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўҚри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлса, ушбу кодексда ушбу чеклов чиқариб ташланди. Бу ҳам очиқлик ва ошкораликни ҳамда жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади.

Кодексда сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши қайд этилди. Аввалги қонунларда сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланиши белгиланган эди. Бу турли номзодлар ҳар хил вақтларда, кимдир аввалроқ, кимдир кейинроқ ташвиқот бошлашига олиб келар эди.

Президент сайловига оид қонунчиликда номзодларга қўйилган талабларда "ўзларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги муносабати билан қонун томонидан таъқиб этилаётган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмаслиги" қайд этилган эди. Ушбу талаб айбсизлик презумпциясига унчалик ҳам тўғри келмасди. Шунинг учун Кодексдан ушбу талаб чиқарилди.

Президент сайлови тўғрисидаги қонунда сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин, деб белгилаб қўйилган эди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда бу муддат тўрт ойни ташкил қилар эди. Кодексда ушбу талабларни бирхиллаштириш мақсадида "камида олти ой олдин" деган талаб "камида тўрт ой олдин" дея ўзгартирилди.

Кодексга аввалги қонунларда мавжуд бўлган айрим нормалар, хусусан, "имзолар сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиядан рўйхатга олиш учун ҳужжатлар қабул қилишни рад этиши"га оид қоида киритилмади. Сиёсий партияларга эса, ҳужжатлардаги аниқланган номувофиқликлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатиш ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиш ҳуқуқи берилди.

Иккинчи муҳим жиҳат — Кодексда фуқаролар, сайловчилар учун янада кенг имкониятларнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Бу шубҳасиз, фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда имкониятларини янада оширишга, фуқаролар вакилликларини кенгайтиришга, давлат ҳокимиятига таъсирини оширишга хизмат қилади.

 Аввалги қонунларда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар, деган мазмундаги қоида белгиланганди. Мазкур кодексда бундай шахсларнинг сайланиши мумкин эмаслигига оид норма қолдирилиб, "сайловда қатнашмайдилар", деган жумла чиқарилди.

Кодекснинг 5-моддасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди, деб белгилаб қўйилди. Бу билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайловда иштирок этиш, яъни сайлаш ҳуқуқи вужудга келди.

Авваллари сайловда сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш катакка фақат битта белги — "Х" (крестик) қўярди. Энди эса, кодексда фуқароларнинг овоз бериш имкониятлари янада кенгайтирилиб, сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида учта белгидан исталган бирини қўйиш имкониятига эга бўлди.

Учинчи муҳим жиҳат — сайлов комиссиялари фаолияти билан боғлиқ. Аввалги қонунларда фақат Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг ҳуқуқий асослари қайд этилганди. Янги Кодексда барча сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга ошириши белгилаб қўйилди.

Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу кодексга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

Сайлов комиссиялари ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга оширади. Сайлов комиссиясининг мажлисларида сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, фуқароларнинг ўзи­ни ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ҳозир бўлиши мумкин.

Сайлов комиссиялари номзодларга, сиёсий партияларга сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитларни, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўради.

Авваллари фақат Марказий сайлов комиссияси аъзолигига талаблар белгиланиб, бошқа сайлов комиссиялари аъзоларига нисбатан талаблар қонунларда акс этмаган эди. Кодекснинг 25-моддасида ушбу бўшлиқ тўлдирилди.

Бундан буён йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Бошқа сайлов комиссияларининг аъзолари, сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Кодексга участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, деган норма киритилди. Бу ғоят демократик талаб бўлиб, коллегиаллик ва адолатни таъминлашга хизмат қилади.

Кодексда, шунингдек, овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилиши белгилаб қўйилди. Илгари овоз бериш соат 6.00 дан бошланар ва бу ҳолат сайлов комиссияси аъзоларига ҳам бир қатор ноқулайликлар туғдирарди.

Кодексда участка сайлов комиссиясининг баённомасида акс эттирилган, овозларни санаб чиқиш чоғида номувофиқликлар аниқланган тақдирда, округ сайлов комиссияси ўз мажлисида участка комиссиясига ушбу номувофиқликларни бартараф этишни таклиф қилишга ҳақли, деган норма киритилди.

Тўртинчи муҳим жиҳат — Кодексда фуқаролик жамияти институтларига берилган имкониятлар, жамоатчилик назорати ва иштирокига доир. Авваллари маҳалладан кузатувчилар фақат халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловидагина иштирок этиши назарда тутилган эди. Эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар барча сайловларда қатнашиши мумкин.

Бу, албатта, сайловлар устидан фуқаролик кузатувини, шаффофликни таъминлаш, сайлов жараёнига жамоатчилик ишончи ошиши борасида ниҳоятда муҳим омилдир. Фуқаролик жамияти институтлари вакиллари имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳи таркибига жалб этилишига оид қоида мустаҳкамлангани эса, жамоатчилик назоратини таъминлашга хизмат қилади.

Кодексда сайловчи турган жойида овоз бериш вақтида ҳам кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкинлиги қайд этилди. Бу норма ҳам жамоатчилик назорати, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга қаратилгани билан диққатга лойиқдир.

Бешинчи муҳим жиҳат — Кодексда Сенатни шакллантириш тартиби батафсил тартибга солинганидир. Аввалги қонунда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг қўшма мажлисини чақириш, Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш, шунингдек, овоз беришни ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида Сенат аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низом Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши билан чегараланган эди.

Кодексда тўғридан-тўғри амал қилувчи 13 та модда Сенатни шакллантиришга бағишланган. Натижада бу борадаги муносабатларнинг бевосита қонун билан тартибга солиниши таъминланди.

Олтинчи муҳим жиҳат — Кодексда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш асослари мустаҳкамланганидир. Кодексда Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатидан фойдаланишга оид қоидалар белгиланди. Сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.

Сайлов комиссиялари аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш натижалари бўйича сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзилига оид тузатишлар қилиб, сайловчилар рўйхатларига ўзгартишлар киритиши мумкин. Сайлов куни сайлов участкаларида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан олинган сайловчилар рўйхатларидан фойдаланилади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз ташаббуси асосида қабул қилинган Сайлов кодекси, аввало, Ватанимиз ва олижаноб халқимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Шу билан бирга, Кодексда фуқароларнинг сайловга оид конституциявий ҳуқуқлари давлат муҳофазасида эканлиги таъминлангани, юртимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга сиёсий жараён — сайловларни юқори савияда ўтказишнинг қонуний асослари белгилаб берилгани ҳар қанча эътиборга сазовордир.

 

Миравзал Миракулов,

юридик фанлар доктори