СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯСИ ХОДИМИНИНГ “КИРДИКОРЛАРИ” ФОШ БЎЛДИ

06 февраль 2019

Фарғона тумани давлат солиқ инспекциясининг катта инспектори Д. Мелибоев 73 нафар тадбиркор ва фуқароларнинг даромад, ер ва мулк солиқлари учун тўлаган 32 миллион сўмдан зиёд пулни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборди.

solik.png

Мамлакатимизда давлат солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги имижини яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантириш, ҳар бир ходим томонидан “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариш борасида амалий ишлар бошланди. Солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик бўйича ҳам тизимли тадбирлар давом этмоқда. 
 
Шундай бўлсада, соҳада ўз бурчини унутиб, нафс куйига кирганлар ҳам учраб турибди.
 
Д. Мелибоев Фарғона тумани ДСИ жисмоний шахсларга солиқ маъмуриятчилиги бўлими давлат солиқ катта инспектори лавозимида ишларди. У хизмат мавқеидан фойдаланиб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини такроран қўлга киритиш ҳамда бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни такроран қалбакилаштириш жиноятларини қасддан содир этди. Хизмат юзасидан унга Фарғона тумани Оқбилол қишлоғида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлардан ойлик даромад солиқларини ҳамда ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролардан ер ва мулк солиқларини йиғиш вазифаси юклатилган эди. 
 
Д. Мелибоев 2016-2018 йилнинг июнь ойига қадар тадбиркорлар ва фуқаролардан солиқлар учун йиғилган 32 миллион 572 минг 363 сўм пулларни такроран фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. У квитанцияларга ушбу шахслардан тўлов учун пул олинганлиги ҳақида сохта ёзув киритиб, ҳужжатни такроран қалбакилаштириб, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган. Халқимизда кўза кунда эмас кунида синади, деган нақл бежиз айтилмаган. Солиқ идораси ходимининг бу қилмишлари фош бўлди.
 
Жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, Д. Мелибоевга нисбатан тегишли жазо тайинланди.
 
 
ЎзА