СОЛИҚ НИЗОЛАРИНИ СУДГАЧА КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ЯРАТИЛДИ

29 апрель 2019

Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун солиқ юкини изчиллик билан камайтириш ва қулай шарт-шароитлар яратишни таъминлайдиган солиқ тизими шакллантирилган. Президентимизнинг 2017 йил 18 июлда қабул қилинган "Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони бу борада янги босқични бошлаб берди.

 

Мазкур Фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тузилмасидаги Ахборот-таҳлил бош бошқармаси — Таҳлил ва прогнозлаштириш бош бошқармасига, Солиқ солиш методологияси бошқармаси — Методология ва солиқ органларини модернизация қилиш бошқармасига, Ахборот хизмати — Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимига, Юридик бўлим — Юридик бошқармага айлантирилди.
 
Ушбу бошқарма таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларида тегишли бўлинмалари бўлган Солиқ низоларини судгача ҳал этиш бўлими ташкил этилди.
 
Бу йўналишдаги ислоҳотлар кейинги босқичда янада изчил тус олди. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 26 июнда "Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
 
Солиқ низоси — солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасида юзага келадиган солиқ солиш объектларини аниқлаш, солиқ солинадиган базани ҳисоблаш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини ҳамда солиқ имтиёзларини қўллаш билан боғлиқ келишмовчиликлар.
 
Ўтган йил 9 октябрда эса, Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Буларнинг барчаси солиқ маъмуриятчилиги соҳасида амалга оширилаётган исоҳотларнинг давомийлигини кўрсатиб турибди.
 
Кенгаш таркибига
— Молия вазирининг ўринбосари раислигида,
— Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари, 
— Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, 
— Адлия вазирининг биринчи ўринбосари, 
— Солиқ маслаҳатчилари палатаси бошқарув раиси, 
— Аудиторлар палатаси ҳамда Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси кенгашлари раислари, 
— Бухгалтерлар федерацияси бошқаруви раиси, 
— Адвокатлар палатаси раиси вазифасини бажарувчи киритилди.
 
Хусусан, Молия вазирлиги ҳузурида Солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги солиқ низоларини судгача ҳал қилиш кенгаши ташкил қилинди. Кенгашнинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланган:
— солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашда низоли масалалар юзасидан хулосалар чиқариш;
— солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлашда солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасида юзага келадиган низоларни кўриб чиқиш;
— солиқ низоларини кўриб чиқиш жараёнида аниқланган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш.
 
Кенгаш ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ бир қатор функцияларни бажаради. Хусусан:
— ариза берувчиларнинг давлат солиқ хизмати органлари билан солиқ низоларини судгача ҳал қилиш тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқади;
— материалларни, шу жумладан, солиқ текширишларига оид материалларни солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўғри ҳисобланганлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқади ва ўрганади;
— солиқ ҳақидаги қонунларни қўллашнинг низоли масалалари бўйича хулосалар чиқаради;
— солиқ низоларини кўриб чиқиш давомида аниқланган солиқ ҳақидаги қонунлардаги қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларни бартараф этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.
 
Солиқ низолари, солиқ солиш объектларини аниқлаш, солиқ солинадиган базани ҳисоблаш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини қўллаш, солиқ имтиёзларини қўллаш билан боғлиқ келишмовчиликлар кўриб чиқиш учун Кенгашга юборилади. 
 
Кенгаш:
— қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ўтказилаётган солиқ текширувлари бўйича;
— солиқ тўловчи солиқ низолари бўйича давлат солиқ хизмати органлари қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилган ҳолларда низоларни кўриб чиқмайди.
 
Кенгаш Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси томонидан аввал кўриб чиқилган, кўриб чиқиш натижалари солиқ низосини ҳал қилиш учун Кенгашга мурожаат қилган солиқ тўловчи, солиқ агенти ёки солиқ тўловчининг вакилини қониқтирмаган ёки қисман қониқтирмаган солиқ низоларини кўриб чиқиш учун қабул қилади. Кенгашнинг келишмовчиликларни кўриб чиқиш натижалари бўйича хулосалари тавсиявий тусга эга.
 
Солиқ низоси Кенгаш томонидан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
 
Шуни инобатга олиш жоизки, айрим ҳолатларда солиқ низосининг мураккаблигига қараб, солиқ низоси билан боғлиқ ҳужжатларни Кенгаш томонидан ташкил этиладиган ишчи ёки эксперт гуруҳлари томонидан қўшимча ўрганиш, ваколатли органлардан хулосалар олиш талаб этилганда, солиқ низосини кўриб чиқиш муддати истисно тариқасида Кенгаш раиси томонидан узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин. Бу ҳақида кенгаш котибияти томонидан аризачига ёзма шаклда хабар қилинади.
 
Кенгаш мажлислари қоида тариқасида бир ойда камида икки маротаба ўтказилади. Кенгаш мажлиси сиртдан ўтказилишига йўл қўйилмайди. Кенгаш фаолияти қарорлар қабул қилишда тенг ҳуқуқлилик ва коллегиаллик тамойилларига асосланади.
 
Кенгаш мажлисларини раис олиб боради, раис қатнашолмаган ҳолларда эса — раис ўринбосари олиб боради. Кенгаш мажлиси Кенгаш аъзоларидан камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса, ваколатлидир.
 
Ҳар бир солиқ низоси Кенгаш томонидан мажлис залига тарафлар таклиф этилган ҳолда алоҳида кўриб чиқилади. Кенгаш аъзолари тарафларнинг важ ва сабабларини эшитади, тақдим этилган ҳужжатларни, ваколатли органлар, мутахассис ва экспертларнинг хулосаларини ўрганади.
 
Кўрилаётган солиқ низолари бўйича Кенгаш қарорлари оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва Кенгашнинг хулосаси тарзида расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда Кенгаш раисининг ёки Кенгаш мажлисига раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади. Кенгашнинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақли.
 
Кўриб чиқилган солиқ низолари бўйича Кенгашнинг хулосаси, у тасдиқланган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида солиқ низоси тарафларига юборилади.
 
 
Волида САТТОРОВА,
Олий суд судьяси
Шавкат ГАЙБЕРДИЕВ,
Олий суд катта консультанти