ТАЛАБАЛАР СУДЬЯЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

07 февраль 2019

Тошкентдаги халқаро Вестминистер университети талабалари Ўзбекистон Республикаси Олий судида яратилган шарт-шароитлар, одил судлов тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишди.

zurnalistlar.png

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига фуқаролар ишончини ошириш борасида изчил чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги аҳоли ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. 
 
Учрашувда судлар фаолиятини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди. Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш йўлидаги амалий ишлар юксак самара бераётгани таъкидланди. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суддаги янгича ёндашувлар ҳақида талабаларга маълумотлар берилди.
 
– Бугунги ёшларнинг дунёқараши кенг, маънавияти юксак, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Шаҳноза Аҳатова. – Бундай учрашувлар ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларида фаоллигини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Ёшлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди фаолияти ҳамда Олий суд музейи билан яқиндан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
 
 
ЎзА