СУД РАИСЛАРИ ЖУРНАЛИСТЛАРГА АХБОРОТ БЕРДИ

15 июль 2019

   Самарқандда вилоят судларининг жорий йил биринчи ярим  йилликдаги фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва кенг жамоатчиликни хабардор этиш мақсадида матбуот анжумани ўтказилди.

 Тадбирда жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий  ишлари бўйича вилоят судлари вакиллари биринчи ярим йилликдаги фаолияти  бўйича ахборот берди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси ўринбосари  Ўткир Мамадалиевнинг  маълум қилишича, ҳисобот даврида вилоят, туман ва шаҳар судлари томонидан 1854 нафар шахсга нисбатан 1449 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Бу ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 872 та ёки 37,6 фоизга, шахслар сони эса 1083 нафарга ёки 37 фоизга камайган.

Вилоят судлари томонидан  9 та жиноят иши бўйича 10 нафар шахс оқланган.

Шу даврда биринчи босқич судлари томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 137 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинган. 715 та жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўрилган.

Шу билан бирга вилоят судларига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида 346 нафар шахсга нисбатан илтимосномалар келиб тушган бўлиб, бундай илтимосномалар сони 186 тага ёки 35 фоизга камайган.

Жиноят ишлари бўйича вилоят судлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида  “Йўл харитаси” ҳамда чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, мазкур дастур ижросини таъминлаш мақсадида судлар томонидан жами ишларнинг 49,3 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди, жиноятнинг сабаблари ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш масалалари юзасидан жами 1006 та хусусий ажримлар чиқарилиб, муҳокама қилиш учун тегишли корхона, муассаса ва ташкилотларга юборилган.

Жиноят ишларини судда кўришда жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, маҳалла, ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар кенгаши вакилларини жамоат ҳимоячиси сифатида иштироки таъминланиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида 74 нафар шахсга, хотин-қизлар кенгаши кафиллиги асосида 5 нафар шахсга ва ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 14 нафар шахсга, жами 93 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

       Самарқанд вилоят маъмурий суди раиси Ботирали Диёров ахборотига кўра, вилоят, туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан ўтган биринчи ярим йилликда оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 575 та маъмурий иш кўриб тамомланган, шундан 346 таси қаноатлантирилган, 172 таси рад қилинган, 38 таси иш юритишдан тугатилган, 19 та иш кўрмасдан қолдирилган, сайёр суд мажлисида 79 та маъмурий иш кўрилган.

Таҳлилларга қараганда, МЖтК 133-моддаси назарда тутилган транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиб жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказиш ва МЖтК 175-моддаси назарда тутилган солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёки касса операцияларини юритиш тартибини, шунингдек тўлов интизомини бузишга  оид ишлар ошганлигини кўриш мумкин.

        Самарқанд вилоят иқтисодий суди судьяси О.Нуримов  жорий йилнинг  6 ойи давомида вилоят, туман, шаҳар ҳамда туманлараро иқтисодий судлари томонидан 7649 та иқтисодий ишлар мазмунан кўрилиб ҳал этилгангани ҳақида маълумот берди.

Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 280 млрд. 825 млн. сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Республика бюджети ҳамда суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига  6 млрд. 600 млн. сўм давлат божи ундирилган. Бундан ташқари, даъвогарлар томонидан Республика бюджети ҳамда суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 770 млн. сўм давлат божи ихтиёрий тўланишига эришилди.

Вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий суди судьялари томонидан ўтган ярим йилликда сайёр суд мажлисларида жами 5898 та иқтисодий ишлар кўриб чиқилган бўлиб, бу жами кўрилган низоли ишларнинг 77 фоизини ташкил этган.

Вилоят  ва туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари даъвогарлигида 350 та ишлар кўриб чиқилган бўлиб, шундан 290 таси қаноатлантирилган  ва 25 млрд. 785 млн. сўм хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари фойдасига ундирилган.

Фуқаролик  ишлари бўйича вилоят суди раиси в.б. Б.Норовнинг қайд этишича, ҳисобот даврида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан  маҳаллалар, хотин-қизлар қўмитаси билан билан ҳамкорликда олиб  борилган тушунтириш ишлари, сайёр суд мажлисларида ажралишнинг ҳақиқий сабабларини аниқлаш борасида олиб борилган ишлари натижасида 105 та оила ярашишига эришилган.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ва жамоат ташкилотлари билан аҳолини ҳуқуқий маданиятини ошириш соҳасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми  имзоланиб, бунда  аҳоли ва жамоаларнинг кўпчилигини қамраб олиш, судга мурожаат қилган фуқароларга қулайликлар яратган ҳолда одамларни ўйлантираётган долзарб масалалари бўйича очиқ мулоқот ўтказиш орқали содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга эришиш мақсадида вилоят судлари томонидан 5 мингдан ортиқ  сайёр суд мажлислари ўтказилган.

Матбуот анжуманида аҳолининг ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятини ошириш билан боғлиқ ўтказилган тадбирлар юзасидан ҳам маълумот берилди.

 

Олий суд Матбуот хизмати