СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

25 июнь 2019

Бугун (2019  йил  25 июнь куни) Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий суд раҳбарияти ва судьялари иштирокида ОАВ вакиллари учун “Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 Унда Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров журналистлар олдида сўзга чиқар экан, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳномолигида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, аҳолининг судга бўлган ишончини, қонун устуворлигини, судда адолат ва шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.

Таъкидландики, бугунги кунда судлар томонидан  ўтказилаётган сайёр судлар ва сайёр қабуллар ўз самара бермоқда. Айниқса, ишлар маҳаллаларда сайёр суд мажлисларида кўрилаётгани аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг камайишига эришилишига кўмаклашмоқда.

Статистик маълумотларга қараганда, жами кўрилган ишларнинг 54,2 фоизи сайёр судларда кўрилган.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган 5 ойида 51 минг 645 та жиноят иши  биринчи инстанцияда кўрилган бўлса, шундан фақат 25 фоизи (3616 та) озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо тайинланган. 9722 та иш бўйича (67 фоизи) озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Бугунги кунда Олий суд ва Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамоат фонди ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзолаган бўлиб, мазкур жамоат ташкилотларнинг кафиллик хатлари асосида судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланмоқда.

Бундан ташқари судларнинг ОАВ билан ҳамкорлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йили 4000 дан зиёд суд ишлари матбуотда ёритилган бўлса, жорий йилнинг 5 ойида 5 мингдан ортиқ суд ишлари ҳақида ОАВда жамоатчиликка тезкор ахборот берилган.

Қиёсий таҳлилларга кўра, 2018 йил биринчи ярмида судларда жами 817 минг  656 та иш кўрилган бўлса, 2019 йил  5 ойида 461 минг 100 та иш кўриб тамомланган.  

Матбуот анжуманида журналистларни судларда оқлов ҳукмлари ҳақидаги масала ҳам қизиқтирди. Таъкидландики, олиб борилган ислоҳотлар, амалдаги процессуал қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, хусусан, жиноят ишларини қўшимча терговга юборишга барҳам берилгани натижасида энди судлар иш бўйича якуний адолатли қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлганлиги ва бунинг самараси сифатида 2018 йилда жами 867 та,  2019 йил 5 ойида  289 нафар шахс айби судда исботланмагани учун оқланган.

Анжуманда фуқаролик, маъмурий, иқтисодий судлар томонидан  кўрилаётган ишлар юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, Маъмурий ва Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгаришлар ва қўшимчалар юзасидан маълумот берилди. 

 

Олий суд Матбуот хизмати