СУД ЖАЗОЛОВЧИ ЭМАС, БАЛКИ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ТАЪМИНЛОВЧИ ОРГАНГА АЙЛАНДИ

26 декабрь 2018

 

Кейинги икки йилда мингга яқин шахс оқлангани, яна минглаб шахслар суд залидан қамоқдан озод этилгани бунинг яққол далилидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, биз барпо этаётган ҳуқуқий демократик давлатда инсон, жамият учун энг муқаддас қадрият бўлган адолат фақат ва фақат қонун асосида суд ҳукми билан таъминланади. Адолат, ҳақиқат эса баҳсларда, томонларнинг қараш ва ёндашувларини ўзаро таққослаб, холис ҳукм чиқариш орқали намоён бўлади.

Мамлакатимиз Асосий қонунида мустаҳкамланганидек, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадриятдир.

Қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларни таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилаётир.

Айни пайтда фуқаролик, жиноят, маъмурий ва иқтисодий ишларнинг 50 фоизга яқини сайёр суд мажлисларида кўрилмоқда. 2017 йил ва 2018 йилнинг ўтган даврида судларда минглаб ишлар тарафларни яраштириш орқали тугатилди. Эътиборлиси, шу даврда мингга яқин шахс оқланди. 7 мингга яқин шахс суд залидан қамоқдан озод қилинди. Уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Буларнинг барчаси бугун суд жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи органга айланганининг яққол далилидир.

Судда низоли ишлар кўрилади ва табиийки, низонинг тарафлари – судланувчи ва жабрланувчи, даъвогар ва жавобгарнинг бир-бирига хусумати, адовати, даъвоси, эътирози мавжуд бўлади. Низонинг қонуний ечимини топилгани билан ишдаги қайсидир томон норози бўлиб қолаверади.

Бундай ҳолатларни бартараф этиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш учун қатор вазифаларни амалга ошириш талаб қилинади. Хусусан, томонларга ҳуқуқ ва бурчлари ҳамда амалдаги қонун талабларини тушунтириш ишлар бўйича адолатли ечим топиш билан бирга тарафларнинг розилигини таъминлашда муҳим омил бўлади.

Шунинг учун судьялар суд мажлисини ўтказишнинг процессуал тартибига қатъий риоя этиши, томонларнинг тенглигини таъминлаши шарт.

Томонларнинг иш бўйича тўлиқ кўрсатма беришига имкон яратиш, улар томонидан келтирилган важлар тўлиқ текширилиши шарт. Чунки иккала тарафни эшитмасдан чиқарилган қарор адолатли бўлса ҳам, бир тарафни тингламаслик адолатсизлик ҳисобланади.

Қабул қилинган суд қарорларини ўқиб эшиттириш билан чекланмасдан, уларнинг суд қарорига нисбатан шикоят келтириш ҳуқуқларини, унинг муддати ва тартибини батафсил тушунтириш лозим. Яъни, судья қонунларни пеш қилмаслиги, аксинча, уни изоҳлаши, тушунтириши шарт.

Судья суд мажлисини бошқаришда ўзига нисбатан ўта талабчан бўлиши, томонларга бирдай одоб билан муомала қилиши зарур. Олдиндан фикр-мулоҳазасини билдириб қўймаслиги, суд мажлисида барчанинг тартибга риоя қилишини таъминлаши лозим.

Зеро, муқаддас Ҳадисда келтирилганидек, қайси бирларингга қозилик лавозимини ўташ тўғри келиб қолса, жаҳлу ғазаб келганда ҳукм чиқармасин. Хусумат билан келганларга бир хил қараб, муомала қилиш жоиз.

Бундай ёндашув суднинг холислигига шубҳа билан қарашни бартараф этади, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини оширади.

Судья ишларни сайёр суд мажлисида кўриш масаласига ҳам ўта эътиборли бўлиши зарур. Бунда тарафларнинг шаъни ва қадр-қиммати бирон-бир тарзда камситилиши, топталишига йўл қўймаслик лозим. Суд мажлисига жалб қилинаётганларга ушбу суд процесси қандай таъсир этиши, қандай профилактик натижа бериши мумкинлиги эътиборга олиниши керак.

Суд мажлисидан сўнг судья суд қарорини ҳамда содир этилган жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқишига омил бўлган ҳолат ва сабабларни тушунтириб бериш керак.

Айтиб ўтиш керакки, Олий суд расмий веб-сайти орқали суд мажлисларининг онлайн-трансляцияси жорий этилгани суд жараёнларнинг талаб даражасида ўтиши билан бирга соҳанинг шаффофлигини таъминлашга ҳам имкон яратди.

Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган бу амалиёт суд мажлисларини бевосита тўғридан-тўғри кузатиш имкониятидир. Мазкур тизим нафақат очиқликни, балки фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Қайд этиш жоизки, суд мажлисларининг онлайн-трансляцияси суд иштирокчиларининг розилиги билан амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича Дастурнинг амалий ижроси изчиллик билан таъминланмоқда.

Дастур асосида суд иштирокчилари учун қатор қулайлик ва имкониятлар яратган интерактив хизматлар жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий веб-сайти замонавий технологияларнинг сўнгги ютуқ ва имкониятларидан фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқилган.

Фойдаланувчилар сайт орқали жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судлар ҳақида маълумотларни осон топиши мумкин.

Сайтдан ўрин олган “Фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш намуналари” дунёнинг ҳеч бир суд тизимида мавжуд эмас. Айни пайтда сайтга фуқаролик ишлари бўйича даъво аризалари, илтимоснома ва аризалар, шунингдек шикоятларнинг ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларидаги 500 га яқин намуналари жойлаштирилган.

Ҳар қандай суд мажлиси одил судлов нечоғлик таъминланаётганлигини акс эттирувчи ойна каби. Аммо жиноятчини жазолашдан мақсад ундан ўч олиш эмас, балки уни тўғри йўлга солиш, бошқаларга жабр етказишининг олдини олишдир. Шунинг учун ҳам жазо тайинлашда, аввало, жиноятчини тарбиялаш, жазонинг содир этилган жиноятга яраша бўлишини таъминлаш, бирон-бир ҳолатда, хусусан, айби исбот бўлмаган шахсга нисбатан зулм қилинишига йўл қўймаслик лозим.

Жабрланувчининг ҳақ-ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш ҳам ўта муҳим масаладир. Суд томонидан иш ҳолатига холис ва адолатли баҳо берилиши, жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни бартараф этиш, зарарнинг айбли шахс ҳисобидан қопланиши таъминланиши шарт.

Шу ўринда Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратларининг “Мукашафатул қулуб“ (“Қалблар кашфиёти”) номли рисоласидаги бир жиҳатга эътибор қаратсак.

Унда Пайғамбаримиз (с. а. в) нинг қуйидаги сўзлари келтирилган: “Кучлилардан заифларнинг ҳаққини олиб бермаган миллатни Оллоҳ ҳеч қачон азиз қилмагай”.

Амалдаги жиноят, фуқаролик ва иқтисодий процессуал қонунчилигида тарафлар ярашганлиги сабабли ишларни тугатиш институти мавжуд.

Ушбу институт низоларга тинч йўл билан барҳам бериш, муҳими, томонларнинг суд қароридан розилигини таъминлаш имконини беради.

Зеро, жазолашдан кўра кечириш, низодаги одамлар ўртасини ислоҳ қилиш, уларни яраштириш ишдаги тарафлар учун, жамият учун фойдалидир. Фақат ушбу келишув ишдаги бошқа тарафлар, давлат манфаатларига зид бўлмаслиги лозим.

Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, қонунларнинг тўғри қўлланилишини таъминлаш ва суд процессларини юқори савияда ўтказиш фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини таъминлайди. Пировард натижада бу жамиятимизда аҳолининг тинч-тотув, эркин ҳаёт кечириши ҳамда жамиятда инсоф ва адолат мезонлари устувор бўлишига хизмат қилади.

 

Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суд
и раисининг ўринбосари