СУДДА ИШЛАРНИНГ КАМАЙИШИГА ЭРИШИЛМОҚДА

18 июнь 2019

Президентимизнинг 2017 йил 13 июндаги судьялар билан бўлиб ўтган учрашувида фуқаролик ишлари бўйича судлар олдига кўриладиган ишларнинг камида 30 фоизини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш вазифаси қўйилган эди.


Ушбу устувор вазифалар ижросини амалга оширган ҳолда фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди томонидан жорий йилнинг ўтган даврида (2019 йил 25 май ҳолатида) 792 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, шундан 257 та ёки 32,45 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди. 2018 йилнинг шу даврида 1349 та фуқаролик ишининг кўрилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 557 тага камайганини кўрсатмоқда.

Бунда судлар томонидан ташкил этилаётган сайёр қабул, сайёр учрашув ва сайёр суд мажлисларининг аҳамияти бениҳоя катта бўлмоқда. 

Бир мисол, даъвогар Н.Орипов (исм шарифлар ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судига фарзандлари билан кўришиб туриши учун ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Унинг мурожаати сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Бир йилдан буён фарзандларини отаси билан кўришишига йўл қўймаган Л. Маҳмудова ва унинг онасига боланинг отаси билан учрашиши ва отанинг фарзанлари билан кўришиб туриши ҳам қонуний, ҳам инсоний ҳуқуқи эканлиги, у қонун билан муҳофаза қилинганлиги, бу инсоний вазифани бузиш жавобгарликка тортилиши мисоллар ёрдамида тушунтирилди.

Тарафлар ўртасида 2018 йилнинг январь ойидан бошлаб келиб чиққан низо сабабли даъвогар судда даъво қўзғатилган ҳамда суд муҳокамаси даврида улар низо бўйича келишувга эришди ва келишув битими лойиҳасини судга тақдим қилишди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 76-моддаси учинчи қисмига кўра, ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота(она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 44-моддаси 4-қисмига асосан, даъво ишини юритишда тарафлар суд процессининг ҳар қандай босқичида келишув битими тузиш орқали ишни якунлашга ҳақлидирлар, дейилган.

Ушбу кодексининг 124-моддаси 4-бандига асосан, судья, тарафлар келишув битими тузган ва у суд томонидан тасдиқланган бўлса, иш юритишни тугатади.

Иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, суд 2019 йил 25 апрелда Шофиркон туманидаги “Саврак” МФЙ биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида тарафлар ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлаб, мазкур фуқаролик иши бўйича иш юритишни тугатишни лозим топди.

Бунда суд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 1998 йил 11 сентябрдаги Қарорининг еттинчи бандида судларга берилган тушунтиришларга таянди.

 

Ф. Ёдгоров,
Фуқаролик ишлари бўйича
Ғиждувон туманлараро суди раиси