СУДЛАРГА БЎЛГАН ИШОНЧ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

05 октябрь 2018

Суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириб, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

femida-na-flage.png

Буни Фарғона вилояти иқтисодий суди ва туманлараро иқтисодий судлари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.  

Судлар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 22 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилган. Эътиборлиси, мазкур ишларнинг аксарияти сайёр суд мажлисларида кўрилган.  

Мамлакатни ривожлантиришнинг замонавий талабларидан бири бу суд-ҳуқуқ тизимини, айниқса, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини процессуал-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришдир.  

– Юртимиз иқтисодий салоҳияти ва тадбиркорлик субъектлари сони ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди, – дейди вилоят иқтисодий суди раиси Тиловолди Отабоев. – Бу ўзгаришлар Иқтисодий процессуал кодекс қабул қилишни заруратга айлантирди. 2018 йил 24 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш ҳақида“ги қонунга мувофиқ, янги кодекс тасдиқланди. 1 апрелдан кучга кирган ушбу ҳужжат 5 бўлим, 37 боб ва 347 моддадан иборат. Кодекс билан иқтисодий судларда ишларни юритиш тартиби янада такомиллаштирилди. Соҳага оид қонунчилик ва амалиётдаги айрим камчиликлар бартараф этилди.  

Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашда иқтисодий судлар изчил фаолият юритмоқда. Вилоят ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан тадбиркорлик субъектлари иштирокида 10 минг 984 та иш кўриб чиқилди. Хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 395 та иш кўрилиб, улар фойдасига 65 миллион сўмдан зиёд маблағ ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинди. 

Ишбилармонларга ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиши учун қулайлик яратиш мақсадида 3 мингдан ортиқ иш бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.  

Бугунги кунда ўзаро тузилган шартнома талаб ва шартлари бажарилмаслиги оқибатида тадбиркорлик субъектлари ўртасида низолар келиб чиқмоқда. “Озод обод файз” хусусий корхонаси судга даъво аризаси тақдим қилиб, “Фарғона йўл қурилиш” корхонаси ҳисобидан 108 миллион 825 минг сўм асосий қарз ва суд харажатларини ундиришни сўраган. 

Жавобгар вакили суд мажлисида транспорт хизмати кўрсатганини, молиявий аҳволи қийинлашиб қолгани сабаб қарзни тўламай келаётганини билдирди. Суд тарафлар вакилларининг кўрсатмаларини тинглаб ҳамда иш ҳужжатларини ўрганиб, даъво талабини қондириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.  

Суд фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётгани суд мажлислари тўлиқ қонун талаблари асосида ўтишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Суд мажлисида ёзилган аудио ва видеоёзув билан қатнашган шахсларни таништириш имконияти берилмоқда. Бу юқори судлар томонидан қуйи судларда олиб борилаётган ишлар, суд мажлисларининг қонунга мувофиқлиги юзасидан ўрганишлар ўтказишда ҳам қўл келади.  

Суднинг расмий веб-сайтида даъво ариза ва илтимосномаларни электрон шаклда қабул қилиш ҳамда суд ҳужжатлари, бошқа хат-хабарларни ишда иштирок этувчи шахсларга электрон шаклда юбориш тизимининг жорий этилгани амалиётда ўз самарасини бермоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида 2 мингга яқин мурожаат электрон шаклда келиб тушди. Бундан ташқари, ҳал этилган ишларнинг аксарияти видео-конференцалоқа тарзида ташкил этилди. Суд мажлисларининг бундай тартибда ўтказилиши унда иштирок этувчи шахслар, жумладан, тадбиркорлик субъектлари вакилларининг вақт ва маблағини тежаб, ўз ҳудудидан чиқмасдан, бошқа жойдаги суд мажлисларида қатнашиш имконини беради.  

 

ЎзА​​