СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИДА САЙЁР ҚАБУЛЛАР ЎТКАЗИЛДИ

07 ноябрь 2018

Олий суд ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида сайёр қабуллар ўтказилди.

surhondare.pngДавлат ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва хотин-қизлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўл­лаб-қувватлаш Нуроний жамғармаси иштирокида жиноятчилик ва хуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларида тезкор йиғилишлар ўтказилди. 

Фуқаролар Олий суд раисининг ўринбосари Б. Деҳ­қонов, Олий суд судьялари ва вилоят­ судлари раислари томонидан қабул қилиниб, жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судларнинг қарорлари устидан мурожаатлари эшитилди, ариза ва шикоятлар назорат тартибида кўриш учун қабул қилинди. 

Қабуллар жараёнида жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар, Қизириқ ва Шеробод  туман судларида ишларни кўриш натижаларига кўра,  содир этилган жиноятларнинг хавфлилик даражаси, етказилган моддий зарар қопланганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, 8 нафар фуқарога озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди ва улар суд залидан озод қилинди. 

Шунингдек, Шеробод туманидаги 64/83-сонли жазони ўташ муассасасида жазо ўтаётган шахсларнинг ишлари ўрганилиб, 12 нафар маҳкумга нисбатан Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддалари тадбиқ этилиб, барчаси туман судининг ажрими билан озод қилинди. 

Шунингдек, ишчи гуруҳи Денов туманидаги "Мурувват" ногиронлар уйига бориб, муассасада яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Иш­чи гуруҳи мурувватга ташна инсонлар билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлашиб, уларнинг ҳар бирига эсдалик буюмлари ҳамда қишки кийим-кечаклар совға қилди. 

Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати