ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ ТУГАТИШ ТАРТИБИ СОДДАЛАШТИРИЛДИ

28 июнь 2019

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш иқтисодий суднинг қарорига асосан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 июлдаги 327-сонли қарори билан тасдиқланган Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисида Низомга мувофиқ туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссиялар банклар ва давлат солиқ хизмати органлари билан бирга молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни аниқлаб, кейинчалик уларнинг муассисларига (қатнашчиларига, мулкдорларига) корхонани ихтиёрий тугатиш ёки молия-хўжалик фаолиятини тиклаш ёхуд устав жамғармасини шакллантириш ёки шаклланган миқдорда камайтириш ҳақида таклиф юборади.
 
Корхона фаолиятининг давом эттирилишидан манфаатдор бўлган муассислар (қатнашчилар, мулкдорлар) корхонани тугатишга олиб келадиган ҳолатларни бартараф этиш бўйича чораларни кўрадилар. Ўз навбатида, корхона фаолиятининг давом эттирилишидан манфаатдор бўлмаган муассислар (қатнашчилар, мулкдорлар) махсус комиссиянинг таклифини эътиборсиз қолдиради ва бундай ҳолатда рўйхатдан ўтказувчи орган судга корхонани тугатиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.
 
Суд бундай аризани кўриб чиқиб, корхонани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади ва махсус комиссия зиммасига Низомга мувофиқ корхонани тугатишни ташкил этиш ва ўтказиш мажбуриятини юклайди.
 
Суднинг вазифаси низоларни ҳал этиш бўлган бир пайтда, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича ишлар низосиз ҳисобланади ва унинг суд томонидан кўрилиши расмий характерга эга.
 
Юқоридаги ҳолатлар инобатга олиниб, тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини соддалаштириш, тугатиш жараёнини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий чекловларни бекор қилиш, шунингдек, бизнес юритиш бўйича халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини янада яхшилаш мақсадида 2019 йил 7 июнда Президентимизнинг “Тадбиркорлик субъектларни тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
 
Ушбу фармонга мувофиқ 2020 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини тугатишнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Бунда:
 
Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги махсус ҳудудий комиссиялар тугатилади. Давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби бекор қилинади.
 
Шунингдек, корхоналарни ихтиёрий тугатишда қуйидаги тартиблар белгиланди:
 
бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар бериш талаб этилмайди, бунда тегишли маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига жойлаштирилади;
 
давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширилмайди;
 
давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказиладиган, тугатиладиган корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг энг узоқ даврийлиги уч йилни ташкил этади;
 
молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун ваколатли давлат органларидан корхона тўғрисидаги мавжуд маълумотларни олиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилади;
 
корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги керак.
 
Ҳозирги вақтда текширишда корхонанинг охирги текшириш ўтказилган санадан бошлаб (агар текшириш амалга оширилмаган бўлса — давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб) корхонани тугатиш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида рўйхатдан ўтказган орган хабардор қилинган санагача бўлган давр мобайнидаги фаолияти қамраб олинади, бироқ бунда даъво қўзғатишнинг қуйидаги муддатларига риоя қилиниши шарт:
 
— молия ҳисоботи тақдим этган солиқ тўловчилар бўйича — 3 йил;
 
— солиқ суммасининг 20 фоиздан ортиқ миқдорда пасайтириб кўрсатилгани (яширилгани) аниқланган тақдирда — 5 йил.
 
Бугунги кунда корхона 6 ой мобайнида (талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари бўйича операцияларни ўтказиш билан боғлиқ савдо ва савдо-воситачилик корхонаси — 3 ой мобайнида) фаолиятни амалга оширмаган тақдирда тугатилади. Фармон билан молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарни тугатишда корхонани “фаолият кўрсатмаётган” деб ҳисоблаш учун асос бўладиган муддат 9 ойгача оширилди.
 
Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналар давлат солиқ хизмати органининг тақдимномасига асосан рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан уч йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказилади. Шу муддат мобайнида корхона ўзининг фаолиятини тикламаган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган уни реестрдан чиқаради.
 
Шу билан бир қаторда тадбиркорлик субъектлари — жисмоний шахслар фаолиятини тўхтатишда ариза берувчи томонидан давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи йўқлиги тўғрисидаги хулосасини олиш талаб этилмайди.
 
Тугатиш жараёнидаги ортиқча ҳужжатлар ва тартиб-таомилларни қисқартириш учун давлат органлари ўртасида электрон ахборот алмашинуви жорий этилади. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали:
 
— юридик шахсни ихтиёрий тугатиш тартиб-таомилини ўтказишда — ваколатли давлат органларидан корхона тўғрисидаги мавжуд маълумотларни сўраб олиш;
 
— тадбиркорлик субъекти — жисмоний шахс фаолиятини тўхтатишда — солиқ органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи йўқлиги тўғрисидаги хулосасини олиш мумкин.
 
Ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳужжатларини қабул қилишда архив хизматларининг нархлари икки баробар камайтирилмоқда.
 
Шубҳасиз, мазкур янги тартибларнинг амалга оширилиши тадбиркорлик субъектларини тугатиш механизмларини такомиллаштиришга, тугатиш жараёнини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий чекловларни бекор қилишга, шунингдек, бизнес юритиш бўйича халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини янада яхшилашга хизмат қилади.
 
 
Абдулла РАҲИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди катта консультанти
 
(“Adolat” газетаси,
2019 йил 28 июнь)