ТОШКЕНТДА БОЛАНИ ДЎППОСЛАБ, ҚИЙНАБ КЕЛГАН ЭНАГАГА НИСБАТАН СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

03 декабрь 2018

Бугунги кунда юртимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилаётган сайёр суд мажлисларида аҳоли ўртасида юзага келаётган муаммолар жойида ҳал этилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Аммо бундай муаммолар сабаби аёлларга бориб тақалганда кўнглингиз хижил бўлади. Айниқса, ўғрилик, товламачилик, талончилик каби жиноятларга аёлларнинг қўл уриши жуда ачинарли ҳол.

sohta-zargar.png

Шундай жиноий ишлардан бири жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида муҳокама қилиниб, қонунга мувофиқ ҳукм ўқилди. 

1989 йили Тошкент шаҳрида туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, турмушга чиқмаган, маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган Сайёра Эгамовага (мақолада барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) оид жиноят иши кўриб чиқилди. 

Судланувчининг қинғир ишларини эшитгач ёқа ушлашингиз тайин. Ҳали оила, фарзанд қадрини билмайдиган бу қиз 2014 йилдан 2016 йилга қадар Мирзо Улуғбек тумани, Қорасув-6 даҳасида истиқомат қилувчи Шарофат Солиеванинг боласига энагалик қилиб, унинг уйида истиқомат қилиб келган. 2009 йилда туғилган Ф. Б. ни турли важлар билан уриб-дўппослаб, баданига сигарета чўғи ва қиздирилган темир буюмларни босиб, тирнаб азоб етказиб, “эркакка ўхшашинг керак, латта бўлмагин” деган важ билан болани оғир жисмларни кўтаришга мажбурлаб, хўрлаб муттасил равишда қийнаб келган. Тиббий экспертиза хулосасига кўра, вояга етмаган Ф. Б. да бурун чап ён соҳаси ва кўкрак олд юзасида чандиқлар, яъни яранинг битишидан кейинги излар, чап билак соҳасида шилинмаларнинг битишидан кейинги излар мавжудлиги аниқланди. 

Бу жинояти билан чекланиб қолмай, ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириш учун антиқа усул ўйлаб топади. Яъни, уй эгаси Шарофат Солиевага турли хил уйдирмалар тўқиб, Анжелика исмли фолбин таниши борлигини ва у фол очиб, “Агар битта хўроз олиб қурбонлик қилинмаса, уй эгаларига фалокат ёғилиши”ни уқтиради. Содда аёлни чув тушириб, баҳоси 800 минг сўмлик тилла зиракларини гаровга қўйдириб, ломбарддан 426 минг 800 сўм пул олади ва ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади. 

Бундан ташқари, Сайёра Эгамова ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Шарофат Солиеванинг фуқаролик паспортини қасддан йиртиб ташлайди. 

Пул топишнинг осон йўлини топиб олган Сайёранинг жиноий ҳаракатлари бу билан тўхтамади. У олдинига товламачилик йўли билан пулларни ўзлаштирган бўлса, энди бу жиноятига Шарофат Солиеванинг 2007 йилда туғилган қизи Л. Б. ни ҳам жалб этади. Содир бўлаётган воқеани тўла тушуниб етиш қобилиятига эга бўлмаган даражада ёши кичиклигидан фойдаланиб, унинг қулоғига ҳам Анжелика исмли фолбин таниши билан боғлиқ уйдирмаларни қуяди ва қизалоқни бошқа жойда истиқомат қилувчи келинойисининг уйига ўғриликка жўнатади. “Келинойингнинг тилла тақинчоқларини ҳеч кимга билдирмасдан олиб чиқиб берсанг, фолбин уйингизга ёғиладиган фалокатни қайтаради”, деган ёлғон билан қизча орқали фуқаро З. Ортиқовага тегишли нархи 1 миллион 500 минг сўм бўлган бир жуфт тилла сирғани яширин равишда талон-тарож қилган. 

Сайёра Эгамовага ишламасдан пул топиш мойдек ёқиб қолганиданми, у қизалоқни яна бир марта ёлғон-яшиқлари билан авраб, бу сафар З. Ортиқованинг 2 миллион сўм бўлган бир жуфт тилла сирғасини қўлга киритади. Ёш боладан фойдаланиб яна ўша аёлнинг нархи 5 миллион сўмлик тилла тақинчоқларини ҳам ўзлаштириб олади. 

Ушбу ҳаракатлари билан Сайёра Эгамова вояга етмаган қизалоқни бир неча бор жиноят қилишга жалб қилади. З. Ортиқовага тегишли жами нархи 8 миллион 500 минг сўм бўлган тилла тақинчоқларни ўз эҳтиёжи учун олади. 

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади, деганларидек, унинг ҳам қилмишлари фош бўлди.

Судда С. Эгамовани жамиятдан ажратмаган ҳолда унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин, деган хулосага келинди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан шартли ҳукм қилинди ва суд етказилган зарарни судланувчидан ундиришни ва ашёвий далиллар тақдирини ҳал этишни лозим топди. 

Аммо бу муаммонинг ечими эмас. Нега аёл жиноятчи бўлиб қолди? Қора курсига ўтиришигача бўлган омиллар қандай? У жазони ўтаб бўлгач ижобий томонга ўзгарадими? 

Бу каби саволлар ҳар бир қиз ўстираётган ота-онани ўйлантириши лозим.

 

Зоир Камолов,
жиноят ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси