УБАЙДУЛЛА МИНГБОЕВ: “ҲАҚИҚИЙ АДОЛАТ ПОСБОНИ БЎЛИШ УЧУН СУДЬЯ ЎЗИДАН КЕЧИБ ИШЛАШИ КЕРАК”

08 ноябрь 2018

Адолат туйғусини халқимиз азалдан юксак қадрлаб, уни ҳамма нарсадан устун қўяди. Шунинг учун ҳам жамиятда барқарор мувозанатнинг, одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшашининг муҳим шарти бўлган бу одиллик тамойилини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш давлатимиз томонидан биринчи даражали вазифа сифатида қўйилмоқда.

hakikij-adolat.png

Бу борада давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Чунки бу соҳа вакиллари инсон ҳаёти билан боғлиқ фаолият олиб боради. Аниқроқ айтганда, иши судда кўрилган шахснинг кейинги тақдири кўп ҳолларда судья қабул қилган қарорга боғлиқ. Бирор кишининг ноҳақ айбланиши, масалан, қилмаган айби учун узоқ йилга озодликдан маҳрум этилишининг оқибатини тасаввур қилиш қийин эмас. 

Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, тизимга энг малакали кадрларни жалб қилиш долзарб вазифа. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Олий судда шу мақсадга қаратилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Унда Судьялар олий кенгаши аъзолари, тажрибали судьялар ҳамда судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиганлар захирасига киритилган номзодлар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди. 

Йиғилишда Судьялар олий кенгаши раиси У. Мингбоев судьялик оддий касб эмас, балки жамиятда адолат муҳитини яратилишини таъминловчи шахс эканини алоҳида таъкидлади. Ҳақиқий адолат посбони бўлиш учун эса судья ўзидан кечиб ишлаши керак. Бунинг моҳияти шундаки, доим ўз устида тинимсиз ишлаш, ҳалоллик ва фидойилик билан хизмат қилишдир. 

Ҳозирги кунда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашнинг адолатли тизими яратилди. Бу жараёнга ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш учун номзодлар очиқ, ошкора ва муқобил танлов асосида танланади. Зеро, бугунги кун судьяси халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, мустаҳкам иродали, юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга бўлмоғи шарт. 

Айтиб ўтиш керакки, судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Шу асосда судьялар мустақиллигининг кафолатлари таъминланиб, уларни ҳимоя қилиш тизими яратилди. 

Судьяларни илк бор лавозимга тайинлаш масаласини кўришда уларнинг яшаш ва иш жойидаги фаолияти синчиклаб ўрганилиб, кенг жамоатчиликнинг фикри ҳам инобатга олинади. Яъни ижобий тавсифга эга номзодлар судьяликка тайинланиши мумкин. 

Тадбирда иштирокчилар бундай мулоқотлар нафақат бўлажак судьялар, балки уларнинг ота-оналарига ҳам алоҳида масъулият юклашини қайд этди. Номзодлар келгусида ўзларига юклатилган вазифаларни юксак даражада бажариш, билим ва тажрибасини адолат йўлида сарфлаш ниятида эканини билдирди. 

 

ЎзА