УНИВЕРСИТЕТДА САЙЁР УЧРАШУВ

11 июль 2019

Тошкент шаҳрида жойлашган “INHA” университетининг мажлислар залида Тошкент шаҳар жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари раислари томонидан ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

Унда  пойтахт туманлари судлари раислари, судьялари, маҳаллалар фаоллари, ИИБ ХПБ инспекторлари, ИИБ ЖИЭБ ходимлари, жазо ўтаётган маҳкумлар, ёшлар,  Хотин қизлар қўмитаси, Оила маркази вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Қарори талабларидан келиб чиқиб, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан 2018 йилда ўтказиладиган сайёр учрашув ижроси муҳокама қилинди.

Тадбирда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, қабул қилинган суд ҳужжатларини тушунтириш мақсадида ҳар ойда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилаётганлиги, жиноятларининг содир этилиши сабаб ва шарт-шароитлари, олдини олиш учун эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида сўз юритилди.

Суд раислари аҳолини қийнаётган масалалар ва муаммолар юзасидан барча мурожаатларга жавоб қайтарди. Йиғилишда уй-жой, қарз, прописка, мерос, жиноят ва маъмурий ишлар бўйича мурожаатлар тингланди ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Олий суд Матбуот хизмати