ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУДЬЯЛАР ОЛИЙ КЕНГАШИ ВА ОЛИЙ СУД СУДЬЯЛАРИ БОҒОТ ТУМАНИДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

29 март 2019

Хоразм вилоятининг Боғот туманида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Олий суд судьялари томонидан тизимга дахлдор масалалар юзасидан фуқароларнинг сайёр қабули ўтказилди.

Хоразм вилоятининг Боғот туманида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Олий суд судьялари томонидан тизимга дахлдор масалалар юзасидан фуқароларнинг сайёр қабули ўтказилди.

Ташкил этилган сайёр қабулда суд қарорлари ва ажримларидан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.

- Қабулни ўтказишдан мақсад суд идоралари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимояси ҳамда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг суд идоралари билан боғлиқ муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суд судьяси Илҳом Раҳманқулов.

Сайёр қабул давомида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан 18 дан зиёд фуқаро суд-ҳуқуқ соҳасига оид ўзини қийнаётган турли масалалар юзасидан мурожаат қилди. Қабулда, шунингдек, жиноят, маъмурий, иқтисодий ва фуқаролик ишлар бўйича вилоят судлари раислари ҳам иштирок этишди.

- Ўғлим Умидбекга 2018 йил апрель ойида суд ҳукми билан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган эди, – дейди Боғот тумани, “Абу Райҳон Беруний” маҳалласида яшовчи Шавкат Нуруллаев. – Ҳозирда ўғлим жазони ўтаб келмоқда, содир қилган қилмишидан пушаймон бўлиб, ўзига тегишли хулоса чиқарди. Жазонинг маълум муддатини ўтаб бўлди. Бу ҳақда ички ишлар бўлимига ҳам мурожаат қилган эдим. Бугунги қабулга ўғлимни жазодан муддатидан илгари озод қилишда ёрдам сўраб келдим. Менга  ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди.

Сайёр қабул давомида қабул қилинган мурожаатлар қаноатлантирилиб, ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, мурожаат қилувчиларнинг ҳуқуқий билимини ошириш юзасидан суҳбатлар ўтказилди.

Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида жойида ҳал қилинди.

 

Олий суд Матбуот хизмати