ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТЛАР

24 май 2019
Давлатимиз раҳбари ташаббусига кўра судлар томонидан халқнинг ишончини қозониш, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида очиқ мулоқотлар ўтказилаётгани жойларда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда юксак самаралар бермоқда.
23 май куни Зангиота   туманида Тошкент вилоятининг суди раислари аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказишди. “Токзор”  маҳалласида ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Миллий университети қошидаги 3-сонли академик лицейда ўтган учрашувда  жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича вилоят ва туман судлари раислари ҳамда маҳалла вакиллари, жамоатчилик фаоллари иштирок этди. 
Унда вилоят суди раислари томонидан жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масаласида атрофлича маълумот берилди. 
 
Статистик маълумотларга кўра, “Токзор” маҳалласида жорий йилнинг ўтган даврида бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. Жами 86 та маҳаллалардан 18 таси ёки 20,9 фоизида умуман жиноят содир этилмаган. Бироқ, 24 та ёки 27,9 фоиз маҳаллада жиноятчилик ошган. Ўтган тўрт ой давомида жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди томонидан 138 та иш кўриб тамомланган. Ундан 24 нафар аёл, 82 нафар ёшга нисбатан кўрилган бўлсада, туман хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ёшлар иттифоқи бўлими умуман кафолат хатлари бермаган. Мулоқот давомида айни шу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Туман аҳолиси орасида профилактик ишларнинг етарли эмаслиги ва жиноятчиликни жиловлаш борасида жамоат ташкилотларининг фаоллигини ошириш зарурлиги қайд этилди. 
 Учрашувда туманда содир этилган жиноятлар сабаблари ўрганилиб, таҳлил қилинди. Шунингдек, йиғилганларга ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка муросасизлик кайфиятини шакллантириш зарурати ҳақида ҳам маълумот берилди.  Бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳуқуқий саводхонликни оширишда энг аввало, нималарга эътибор қаратиши зарурлиги ҳаётий мисоллар воситасида атрофлича тушунтириб берилди.
 
Шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, энг асосийси, фуқароларнинг суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида ўтган йиллар мобайнида эришилган натижалар ҳақида сўз борди.  
Мулоқотда ҳамкор ташкилотлар вакиллари, кенг жамоатчилик иштирокида жойларда жиноятларни фош этиш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича ишлар давомийликда, фаол йўлга қўйилиши туманда содир этилаётган жиноятларни камайишида муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Учрашувда оила ва никоҳ муносабатларига бағишланган фильм намойиш этилди ҳамда сайёр қабул ўтказилиб фуқаролар томонидан берилган кўплаб саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
 
Жонибек ТАНГМАТОВ,
жиноят ишлари бўйича 
Тошкент вилояти судининг 
девонхона мудири