ЖАМОАТ ЖОЙДА ЖИНОЯТ СОДИР ЭТГАН ЙИГИТЛАРГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

26 октябрь 2018

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди сайёр суд мажлисини ўтказди. 

zamoat-zoji.png

Туман суди иш юритувида Даврон Комилов ҳамда Адҳам Алимовларга (исм-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўрилди.


Ушбу сайёр суд мажлисида ёшларнинг билиб-билмай ҳуқуқбузарлик содир этиши, қонунни бузиши каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, безорилик жиноятини содир этиб, атрофдагиларга тан жароҳати етказиши юзасидан тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.


Суд мажлисида жабрланувчи, судланувчи, гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.


Аслида жанжал жамоат жойида ўзини тута олмаслик, атрофдагиларга нисбатан ҳурматсизлик, катта ва кичикнинг фарқига бормаслик натижасида содир бўлган. Бири мен каттаман, деб кечиримли бўлмаган, иккинчиси эса кичиклигига бориб бир гапдан қолмаган. Натижада эса тиғли ускуна билан тан жароҳати етказиш даражасигача етган.


Эндигина 18 ёшни қаршилаган Даврон Комилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбли деб топилиб, унга 4 йил 6 ой озодликни очиқликда ўташ жазоси белгиланди.

 
17 ёшли Адҳам Алимов ҳам бу ишда айбдор деб топилди. Судланувчига 2 йил муддатга озодликни очиқда ўташ жазоси тайинланди.


Хўш, бундан ким жабр кўрмоқда? Уларни вояга етказган, орзу ҳавасли ота-она, жамиятга муносиб фарзанд бўлишидан умидвор таълим муассасаси, дўстим деб елкадош бўлган дўстлари энди уларга қандай ишонади? Биз қаерда хато қилаяпмиз? Тан жароҳати етказган йигитларга жазо берилмоқда-ю, нега уни шу ишни қилишга мажбур этган жабрланувчининг хатти-ҳаракатлари эътиборимиздан четда қолмоқда? 

Бу мактабгача таълим муассасасидан тортиб барча таълим масканлари мутахассислари, оила аъзолари, маҳалла фаоллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи масъуллари жавоб бериши керак бўлган саволлардир. 

Ушбу воқеага кўпчилик гувоҳ бўлса-ю, уларни ҳеч ким ажратмаса. Бефарқ ва томошабинга айланиб, наҳотки, фарзандларимизнинг тақдирини ўйламасак. Уларнинг ўрнида укангиз, жигарингиз, фарзандингиз бўлиши мумкин эди. 

 

ЎзА