ЗАМОНАВИЙ СУД БИНОЛАРИ

23 июль 2019

Олий суд тизимида ходимлар ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида жойларда замонавий суд биноларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Шу кунгача Шеробод, Оқолтин, Чирчиқ, Чироқчи туманларида янги суд бинолари фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича туманлараро судларининг икки қаватли янги биноси фойдаланишга топширилди.

Бинонинг очилиш маросимида Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директори Б.Тешабоев, Қорақалпоғистон Республикаси судлари раислари, туманлараро фуқаролик ва иқтисодий  судлар раислари, Амударё туман ҳокимлиги, қурувчи  ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

amu.jpg

Видеоконференцалоқа тизимида ташкил этилган тадбирда Олий суд раиси К.Комилов ушбу бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан  барчани қутлаб, давлатимиз раҳбари томонидан судларга қаратилаётган юксак эътибор, бунинг натижасида судлар моддий-тахника базаси мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

“Амударё  Махсус Қурилиш” МЧЖ қурувчилари томонидан 4,1 миллард сўм эвазига барпо этилган бинода барча шароитлар яратилган. Айниқса, фуқароларни қабул қилиш учун кенг ва ёруғ заллар, видеоконференцалоқа тизими орқали суд жараёнларини “онлайн” тарзда кузатиш имконияти мавжуд.

  • Кўпдан бери бундай замонавий шароитларда ишлашни орзу қилардик , - дейди Амударё тумани иқтисодий суди раиси Ўткиржон Собиров, - мана кўриб турибмиз. Президентимиз раҳномолигида суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар  амалда ўз натижасини бермоқда, бу эса одил судловни амалга оширишимизда бизга кўтаринки руҳ бағишлайди.

Бу ерда судьялар ва суд ходимлари  учун алоҳида хоналар, архив хонаси, маслаҳат хонаси, маърифат хоналари жой олган. Бундан ташқари, ашёвий далилларни сақлаш хонаси, замонавий локал алоқа тармоғи ва оптик толага уланган  сервер хонаси, замонавий иситиш ва совутиш тизимлари, видеокузатув, ёнғинга қарши курашиш ва қўриқлаш хавфсизлик тизимлари, ҳудудда хизмат автотранспортлари учун махсус тўхташ жойлари барпо этилган.

 

Олий суд Матбуот хизмати