ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАРДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИБ

22 июнь 2019

Мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳисобланади.

tosvilsudga.png

Ўтган йиллар давомида суд ҳокимиятнинг мустақил ва алоҳида тармоғи сифатида ташкил этиш, уни ўтмишдаги жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилувчи ҳамда ишончли ҳимоя қилувчи давлатнинг чинакам мустақил институтига айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида электрон тартибда суд ишини юритишнинг замонавий шакл 
ва усулларини жорий этишга қаратилган қонунчилик базасини шакллантириш режалаштирилган.

Бундан кўзда тутилган мақсад процесс иштирокчилари билан видеоконференцалоқа ўрнатиш, процессуал ҳаракатларни видео, аудио қайд этиш, суд-тергов жараёнларини стенограмма қилишнинг янги турларини кенгроқ жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган.

Дастур ижросини таъминлаш, шунингдек судлар фаолиятини очиқлиги, шаффофлигини ва тезкорлигини таъминлаш, судларда ишларни кўриш сифатини ошириш, фаолиятини автоматлаштириш ва энг асосийси, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилинишини янада кафолатлаш мақсадида 2017 йилнинг 30 август куни қабул қилинган “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, судларни замон талабларига жавоб берадиган ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш орқали, суд мажлиси жараёнларини ёзиб олиниши, айрим ҳолларда, суд мажлисларини онлайн тарзда ижтимоий тармоқлар орқали кузатиш учун барча шароитлар яратилиб, энг асосийси, суд мажлиси ўтказиладиган жойдан анча узоқда бўлган процесс иштирокчиларининг ортиқча сарсонгарчилиги олди олинди.

Мисол учун, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида жиноят ишларини кўриш жараёнида 20 дан ортиқ маротаба видеоконференцалоқа хизматларидан фойдаланилди.

Эътиборлиси шундаки, процесс иштирокчилари Тошкент вилоятидан анча олисдаги вилоят судларида махсус жихозланган суд мажлиси залларидан ўз кўрсатмаларини беришган.

Мисол учун, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди апелляция инстанциясида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,97-моддаси билан судланган ва Қашқадарё вилоятида жойлашган тергов ҳибсхонасида сақланаётган А.Б.га нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Табиийки, собиқ амалиётга кўра, судланган шахс суд мажлисида иштирок этиш учун Қашқадарё вилоятидан Тошкент вилоятидаги тергов ҳибсхонасига олиб келтирилиши лозим эди. Бу ўз навбатида, муайян вақт ҳамда харажатларни ўз ичига олади. Ишни судда кўриш учун эса, қонунчиликда ажратилган муддат чегараланган.

Шу жиҳатдан компьютер технологиялари ёрдамида судланувчини Тошкент вилоятига олиб келиш билан боғлиқ барча муаммолар четга сурилиб, суд мажлиси жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга мослаштирилган суд залида тўғридан-тўғри эфир орқали амалга оширилди. Яъни, судланувчи жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди биносидан туриб, ўз кўрсатмасини видеокамерага ва монитор орқали унга савол берувчи раислик қилувчига юзланиб жавоб берди.

Худди шу тартибда, ишларни кўриш жараёнида процесс иштирокчилари билан видеоконференцалоқа хизматлари ёрдамида Сурхондарё вилояти билан 13 маротаба, Андижон вилояти билан 2 маротаба, Жиззах, Наманган, Сирдарё
ва Фарғона вилоятлари билан биттадан тўғридан-тўғри эфир орқали суд мажлислари ўтказилди.

Жиноят ишларини видеоконференцалоқа хизматлари орқали кўришнинг афзаллиги, ишларнинг кўрилишини чўзилиб кетиши олдини олиш, процесс иштирокчилари (жабрланувчи, гувоҳлар ва бошқа шахслар)нинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг бир вилоятдан бошқа вилоятга келиб-кетиш ортиқча харажатлари (йўл ҳақи, меҳмонхона, овқат пули
ва бошқа) ва сарсонгарчилигини олдини олиш, шунингдек озодликдан махрум қилиш жазосини ўтаётган процесс иштирокчиларини бир вилоятдан бошқа вилоятга олиб бориш билан боғлиқ харажатлар тежалмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, замонавий компьютер технологиялари ҳозирги пайтда мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бевосита иштирокчисига айланиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ва қонунийликни таъминлашда салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Зеро, ислоҳотлардан кўзланган мақсад аввало, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинлигини кафолатлаш, уларнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 

 

    Ю.Ильхамов
Жиноят ишлари бўйича Тошкент
 
вилоят суди раисининг ўринбосари