ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА ЧИЛОНЗОР ТУМАН СУДИ ЯНГИ БИНОДА ИШ БОШЛАДИ

30 сентябрь 2018

Пойтахтимизда Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг янги замонавий биноси ишга туширилди. Шу муносабат билан мазкур бинонинг очилишига бағишланган анжуман ташкил этилди.

mvd.png

Унда давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимияти органлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармалари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, соҳа фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси Козим Комилов, Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг раиси Илгизар Собиров ва бошқалар мамлакатимизда кейинги икки йил давомида барча жабҳалар қаторида суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам унутилмас тарихий ўзгаришлар, ислоҳотлар ва янгиланишлар жадаллик билан амалга оширилганини таъкидлади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари мазкур ишлар ривожида муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Янги очилган суд биноси – халқаро стандартларга тўла мос келадиган ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, бинода замонавий ёруғ ва кенг суд заллари, фуқаролар учун қулай кутиш хоналари, жумладан, фуқароларни қабул қилиш учун барча кодекслар билан жиҳозланган алоҳида хоналар, вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналари ҳамда ҳар бир хонада кузатув камералари мавжуд. 

Эътироф этиш мумкинки, бундай очиқлик, шаффофлик ва ошкоралик таъминланган замонавий суд биноси бу ерга ташриф буюрувчилар учун профессионал тарзда одил судловни амалга оширилишига хизмат қилади. 

 

ЎзА