ЖИНОЯТЧИЛИК КАМАЙГАН, АММО...

29 июнь 2019

Тошкент вилояти Оққўрғон тумани Қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Олий суд раиси К.Камилов, Ўзбекистон Республикаси  Президентининг Тошкент вилояти халқ қабулхонаси мудири А.Исабоев, вилоят ва туман судлари раислари, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда аҳоли иштирок этди.  

888.jpg

Йиғилишни туман ҳокими Ф.Омонов олиб борди.

Туман ҳокими криш сўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизмини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда 2019 йил 29 майдаги “Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари куч ва воситаларини бошқаришнинг сифат жиҳатдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорида белилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида тасдиқланган дастурга кўра, ҳуқукбузарлик профилактикаси, жиноятчиликка қарши кураш, шунингдек, аҳолини ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда худудлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Олий суд раиси очиқ мулоқотга  келганлигини таъкидлаб ўтди.

88.jpg

Тадбирда Олий суд раиси К.Камилов сўз олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ва 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, 2019 йил 29 майдаги Қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жойларда халқ билан очиқ мулоқот ўрнатиш, сайёр қабул уюштириш, кенг қамровли учрашувлар ўтказиш белгиланганлигини айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, дастурга биноан жорий йилнинг январь ойидан бери ҳар ойда бир марта бевосита вилоят судлари раислари ҳамда ҳар бир туман (шаҳар) ва туманлараро судларининг раислари ва судьялари томонидан “Менинг маҳаллам – менинг судьям” лойиҳаси асосида маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва жойида ҳал этиш юзасидан аҳоли билан сайёр учрашувлар, очиқ мулоқот ва фуқаролар қабуллари ўтказилмоқда.

8.jpg

Тадбирда Олий суд ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида тасвирга олинган “Фарзанд омонат” видеофильм намойиш этилиб, фильмда тасвирлангани каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш борасида тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Фильмни ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолига намойиш қилиш, айниқса, ажралиш ёқасида турган оилаларнинг эътиборига етказилса, уларда ҳам катта таассурот қолдириши ва ушбу оилаларни сақлаб қолинишига замин бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашувда жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Д.Таджибаев сўз чиқиб, жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида вилоят бўйича содир этилган жиноятлар юзасидан статистик маълумотларни таҳлил қилди.

 Таъкидландики, ўтган 2018 йилнинг беш ойлиги давомида 64 та жиноятлар содир этилганлиги аниқланган. Жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич  43 тани ташкил этиб, 16 нафар шахсга нисбатан, яъни 37,2 фоиз жиноят ишлари сайёр суд мажлисида кўрилган.

 Шундан, 33 нафар ёшларга нисбатан ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар, маҳалла кафиллиги асосида ишлар кўрилгани, бу кўрсатгич, албатта олиб борилаётган тадбирларнинг самарали натижаси сифатида баҳоланди. Вилоятда содир этилаётган ҳар бир жиноят чуқур таҳлил қилган ҳолда, аҳоли, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳамкорлигида изчил чоралар кўриш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси О.Исмоилов ҳам кун тартибидаги масалалар юзасидан  ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Учрашувдан сўнг ташкил этилган сайёр қабуллар давомида фуқаролар мурожаатлари тингланиб, уй-жой, мол-мулк, оммавий ҳуқуқий муносабатлар, жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар, суд қарорлари билан боғлиқ масалалар юзасидан суҳбатлар ўтказилди. Мурожаатларни жойида ҳал қилиш чоралари кўрилди, айримлари юзасидан асослантирилган ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Йиғилишда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилиниб, тегишли вазифалар белгиланиб олинди.

 

Олий суд Матбуот хизмати