ЖИНОЯТЛАР СТАТИСТИКАСИ: БУ БОРАДА ЯГОНА АХБОРОТ ТИЗИМИ ЯРАТИЛДИ

29 март 2019

Юртимизда ҳуқуқбузарлик, қонунбузилиш ҳолатлари, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бунда, жумладан, жамият ҳаётидаги криминоген вазиятни, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятларнинг барвақт олдини олиш бўйича мавжуд муаммолар ва камчиликларни аниқлаш масаласи катта аҳамият касб этади.

Кейинги даврда бу соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш зарурати юзага келди. Президентимизнинг 2018 йил 18 октябрда қабул қилинган "Жиноий-ҳуқуқий статистика тизимини тубдан такомиллаштириш ва жиноятларни тизимли таҳлил қилиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони айни шу муаммолар ечимига қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлди. 
 
Шу кунга қадар жиноятчилик статистикасини юритиш ва жиноятларни таҳлил қилиш вазифаси Ички ишлар вазирлигининг Ахборот маркази томонидан олиб борилар эди. 
 
Фармоннинг алоҳида аҳа¬мияти шундаки, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб жиноятлар, уларни содир этган шахс¬лар ва жиноят ишлари ҳаракатланишининг ягона ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
 
Аниқроқ айтганда, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг "Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика" ягона ахборот тизими жорий этилди. Унга биноан, статистик карточкаларнинг электрон шаклларини тузиш орқали жиноят ишлари, терговга қадар текширув материаллари, суд муҳокамалари ҳамда суд қарорлари ижроси натижалари, шунингдек, айбланувчи ва жабрланувчи тариқасида жалб этилган иштирокчилар бўйича маълумотларнинг ягона ҳисоби юритилади.
 
Шунингдек, прокуратура, суд ва бошқа давлат органлари ўртасида дастлабки тергов ва суриштирув органларининг электрон маълумот алмашув шакли, жумладан, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш йўли билан жорий этилди. Жиноий-ҳуқуқий статистикани юритиш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш жараёнида инсон омили истисно этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
Гап шундаки, Президентимиз Фармони қабул қилинганга қадар ушбу вазифалар Ички ишлар вазирлиги томонидан бажарилган. Хусусан, вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан статистик маълумотлар юритилган. Бу маълумотларнинг тузилиши, рўй¬хатга қў-йилиши ва тегишли сўровларга ахборот берилиши ҳам худди шу тизим вакиллари томонидан амалга оширилиб келинган.
 
Бундан буён ана шу жараёнларда инсон омили истисно этилади дегани — илгари қўлда тузилган маълумотларни юритиш ва сақлашда хато-камчиликлар, жумладан, маълумотларни йўқотиб юбориш, ўзгартириш киритиш, ходимлар томонидан хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларига чек қўйилишини англатади. Демакки, электрон тарзда тузилган маълумотларни ҳақиқий барқарор ҳолатда сақлаб қолиш имконияти яратилмоқда.
 
Суд амалиётида шахсларга нисбатан жиноий ишларни кўриш жараёнида Ички ишлар вазирлиги Ахборот маркази берган маълумотларда шахснинг исм-фамилияси, туғилган йили, муқаддам судланганлик ҳолатлари ҳақидаги маълумотлар ҳар доим ҳам тўғри бўлмаган вазиятлар учраган. Шунга кўра, ишларни тўғри, қонун доирасида, белгиланган муддатда кўриб чиқишда муаммоли ҳолатлар туғилган.
 
Бунда, хусусан, тегишли шахс муқаддам судланганлиги бўйича тайинланган жазони ўтаган муассасалардан маълумотномалар сўраб олиш, умуман, ушбу ҳолатни тўла ўрганиш муайян қийинчиликларни келтириб чиқарган. Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика ягона ахборот тизими жорий этилиши билан бу каби камчиликларга барҳам берилди.
 
Эндиликда суд муҳокамаси ҳамда суд қарорлари ижросининг натижалари, шунингдек, айбланувчи ва жабрланувчи сифатида жалб этилган шахслар бўйича маълумотлар судлар ва суд қарорлари ижросини амалга оширувчи давлат органлари томонидан электрон-статистик карточкаларни тўлдириш йўли билан шакллантирилади.
 
Ягона ахборот тизимида ахборот алмашинуви мавжуд маълумотларни рухсатсиз кўришга имкон бермайди. Бу жараённи ҳимояланган алоқа каналлари орқали амалга ошириш тартиби ўрнатилгани, айниқса, диққатга лойиқдир.
 
Шунингдек, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг Тезкор-маълумотлар бошқармасига ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, очиш ва тергов қилишда фойдаланиш учун тезкор маълумотлар ҳисобини ташкил қилиш ва юритиш вазифаси юклатилди. 
 
Бунда шахсларнинг ҳудудий ва давлатлараро қидирувга берилиши асносида ички ишлар органларининг архив маълумотлари ва махсус жамғармаларидан фойдаланиш таъминланади.
 
Јолаверса, автотранспорт воситалари, фуқаролик ва хизмат қуроллари, қидирувдаги шахслар ва ашёлар, шунингдек, бошқа маълумотларнинг автоматлаштирилган, ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга хизмат қилувчи маълумотлар базаси юритилади. 
 
Шундай қилиб, ушбу Фармоннинг қабул қилиниши ва унинг изчиллик билан ижро этилаётгани соҳадаги ислоҳотлар кутилган самараларни беришини ва мамлакатимиз бу борада ривожланган демократик ҳуқуқий давлатлар қаторидан ўрин олишини таъминлайди. Шу билан бирга, тизимдаги мавжуд муаммоларга барҳам берилиб, маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги ортади.
 
 
Ёқутхон ҲАЙДАРОВА,
жиноят ишлари бўйича 
Мирзо Улуғбек тумани судининг раиси