ЖИНОИЙ ИШ “ХУМОРИ” ПАНД БЕРДИ

02 октябрь 2018

Бугун жамиятда салбий оқибатларни камайтириш, жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида жойларда сайёр судлар ташкил этилмоқда. Масалан, жорий йилнинг 19 июнь куни жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар суди биносида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда Янгийўл туманида туғилган Ж. К. жиноий қилмишлари учун қонун олдида жавоб берди. Аслида унга бу каби судда кўрилаётган жиноий хатти-ҳаракатлар биринчи марта эмас.

vesy-v-cepah.png

Чунки у илгари ҳам бир неча бор жиноятга қўл уриб, қилмишлари учун жиноий жазога маҳкум ­этилган эди. “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек, уни яна жиноят қилиш “хумори” тутиб қолди. Ж. К. нинг бундай жиноятга қўл уриш иштиёқига эса Янгийўл туманидаги “Бўз-сув” МФЙ ҳудудида жойлашган дала ер майдонида оқиб ўтувчи ариқ бўйида ёввойи ҳолда ўсган ўсимликка кўзи тушгани сабаб бўлди. Негаки, бу ўсимлик таркибида гиёҳванд моддаси борлигини пайқагани, ундан ўз манфаати йўлида фойдаланиш мумкинлигини англаб, унинг ақли шошди. У тезда гиёҳвандлик ўсимлигини териб олиб, марихуана гиёҳвандлик моддасини устакорлик билан тайёрлади. Сўнгра ушбу маҳсулотга харидор чиққунча қулай пайт пойлаб, бегона кўзлардан беркитиб қўйди. 

Халқимизда “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади”, деган гап бор. 

Афсуски, Ж. К. нинг бу қинғир иши қирқ йилга етиб бормади. У қуруқ ҳолда соф вазни 112,35 грамм ва қовурилган вазни 43,46 грамм бўлган кўп миқдордаги “марихуана” гиёҳвандлик моддасини 600 000 минг сўмга сотаётган вақтда тезкор гуруҳ иштирокчилари томонидан қўлга олинди. 

Сайёр суд мажлисида судланувчи Ж. К. айбига иқрор бўлиб, тахминан 5 йилдан бери гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишини тан олди. 

Бундан ташқари, Ж. К. нафақат гиёҳвандлик воситаларини сотиш, балки истеъмол қилиш, ўғирлик жинояти билан ҳам шуғулланиб келган экан. У 2018 йил 11 январь куни соат тахминан 06:30 ларда Янгийўл туман Нуробод маҳалласи, Боғиобод кўчасида жойлашган уйга ўғирликка тушган. Нафс йўлида эс-ҳушини йўқотган Ж. К. С. Ҳ. га тегишли ҳовлининг деворидан ошиб ўтиб, уйдан “Samsung” русумли телевизор, 800 000 минг сўм­лик электр тўлқинли печ, 5 000 000 сўмлик “мадонна” чинни идиш-товоқлари, 800 000 минг сўмлик фотоаппарат ҳамда 1 700 000 минг сўмлик ­кийим-кечакларни қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган. 

Бироқ қонуннинг ўткир кўзи ҳар қандай сирли жиноятни ҳам илғай олади. Ж. К. суднинг қора курсисига яна ўтирар экан, ўз жиноий қилмишларига яраша тегишли жазо олиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди. Лекин унинг бу жазодан қанчалик пушаймонлигини ёки бундан буён тегишли хулоса чиқаришини фақат вақт кўрсатади.

Жамшид САДИНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Янгийўл шаҳар суди судьяси,

(“Инсон ва қонун” газетаси,
2018 йил 2 октябрь)