"ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ ТЎҒРИСИДА"ГИ ҚОНУННИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ

25 апрель 2019

Давлатимиз томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқилишига нисбатан берилаётган эътиборнинг кундан-кун ортиб бораётганлиги, барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар хўжалик юритувчи субъектларга юксак масъулият юкламоқда.

zarima.png

Бу борада қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг асосий мақсадларидан бири аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган.
 
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 3 декабрда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги  Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 15 август куни қабул қилинди. Сенат томонидан 24 август куни маъқулланди ва Президентимиз томонидан 2017 йил 11 сентябрь куни имзоланиб, Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ–445-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланди. Ушбу Қонун 12 сентябрь куни ОАВда эълон қилинди ва шу кундан кучга кирди.
 
Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар қисқача  қуйидагиларда ўз аксини топди.
 
Жумладан, Қонуннинг 3-моддасида ариза, таклиф, шикоят каби асосий тушунчалардан ташқари электрон мурожаат, такрорий мурожаат, аноним мурожаат, мурожаатнинг дубликати, оммавий қабул, видеоконференцалоқа ҳамда давлат иштирокидаги ташкилот каби тушунчалар ҳам киритилди.
Белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологиялари воситасида берилган, шу жумладан ташкилотнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилган мурожаатга электрон мурожаат деб таъриф берилган.
 
Қонун ҳужжатларидан маълумки, такрорий мурожаат айни бир мурожаатчидан келиб тушган, унинг аввалги мурожаати юзасидан ташкилот томонидан қабул қилинган қарори устидан шикояти ёки мурожаатни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаганлигидан норозилиги баён этилган мурожаатга айтилади. Буни, мурожаатнинг дубликатидан фарқлаш муҳим аҳамиятга эга чунки, мурожаатнинг дубликатида айни бир жисмоний ёки юридик шахс мурожаатининг кўчирма нусхаси берилади. Яъни, мурожаат муаллифи мурожаат бўйича тегишли ташкилотдан жавоб олмай туриб, унинг қарорини билмай туриб, ўша мурожаатни кўчирма нусхасини такроран тақдим этиши тушунилади.
 
Бундан ташқари, мурожаатларни кўриб чиқишда қонунийлик; мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш; мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги; жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши; мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги; мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги Қонуннинг асосий принциплари сифатида 4-моддада белгилаб берилди.
 
Шунингдек, Қонунга киритилган яна бир муҳим янгилик сифатида Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхоналарнинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси томонидан мурожаатларга доир масалалар бўйича реал вақт режимида маслаҳатлар берилиши, Давлат органларининг, ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг виртуал қабулхоналарини ташкил этиш тартиблари 2-бобда аниқ белгилаб берилди.
 
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, мурожаатлар билан ишлашнинг самарали тизими фаолиятини таъминлаш, мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқнинг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш, келиб тушган мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этиш, келиб тушган ҳамда тегишлилиги бўйича давлат органларига, ташкилотларга юборилган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш, жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини (шу жумладан видеоконференцалоқа воситасида) ўтказиш, келиб тушаётган мурожаатларни қайд этиш, умумлаштириш, тизимлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасининг асосий вазифалари сифатида белгиланди.
 
Бундан ташқари, Қонуннинг аввалги таҳририда мурожаатлар бўйича иш юритиш (9-модда) тартиби бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши кўрсатилган бўлса, амалдаги янги таҳрирда давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган мурожаат ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган тақдирда эса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилиши кераклиги, мурожаатни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмаслиги, давлат органларида, ташкилотларда мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш дафтари юритилиб, унда мурожаатнинг тартиб рақами ва келиб тушган санаси, мурожаат этувчи жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), юридик шахснинг номи, мурожаатнинг қисқача мазмуни, ижроси тўғрисидаги белги кўрсатилиши норма сифатида аниқ белгиланди.
 
Шу билан бирга, давлат органининг раҳбарига ёки ваколат берилган мансабдор шахсига оммавий (сайёр) қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмаслиги, фақатгина жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, мурожаатнинг қисқача мазмуни, шунингдек уни кўриб чиқиш натижаси оммавий қабул баённомасида кўрсатилиши назарда тутилади.
 
Қонуннинг 26-моддасида мурожаат этувчини эшитиш ҳам назарда тутилган. Бу ўз навбатида давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчига мурожаатда кўтарилган масалалар бўйича ўз фикрини билдириш ва мурожаат бўйича қўшимча ахборот тақдим этиш имкониятини беради. Бунда, Давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчини эшитишга экспертларни, мутахассисларни ва манфаатдор ташкилотларнинг вакилларини ҳам жалб этиши мумкин бўлади.
 
Қонунга киритилган яна бир муҳим янгиликлардан бири шундаки, агар такрорий мурожаатларда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаган бўлса, илгариги мурожаат материалларида эса текширувларнинг тўла-тўкис материаллари мавжуд бўлса ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоблар берилган бўлса, мурожаатчига такрорий мурожаатнинг асоссизлиги ва ушбу масала юзасидан у билан ёзишмалар тугатилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиб, кўриб чиқишни тугатиш мумкин.
 
Шу билан бирга, мурожаат қилувчи ўз мурожаатини белгиланган тартибда чақириб олган бўлса ёки уни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида илтимос қилган бўлса, яшаш жойи, турган жойи (почта манзили), электрон почта манзили ёки бошқа реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмаганлиги туфайли мурожаатчини чақиришнинг имкони йўқлиги сабабли мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти бўлмаганда, мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли, давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахси томонидан чақирилган мурожаатчи келмай қолган тақдирда, шунингдек, мурожаатчи вафот этганидан сўнг мурожаатни кўриб чиқиш ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса мурожаатларни кўриб чиқишни тугатиши мумкин бўлади (30-модда).
 
Бунда, давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
 
Ташкилот томонидан ёзишмалар олиб бориш тугатилган бўлсада, мурожаат қилувчидан такрорий мурожаат келиб тушаверса, бундай мурожаатни мурожаат қилувчини бу ҳақда хабардор қилмасдан ҳам тугатилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
 
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мурожаат этувчиларнинг қонуний талабларини ҳал этилишига, ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
 
 
Б.Юсупов,
Жиноят ишлари бўйича
Сергели туман судининг судьяси