ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИНИНГ АХБОРОТИ

23 май 2019

Навоий вилоят маъмурий ишлар бўйича суди раиси Отабек Тошевга оид оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган маълумотлар юзасидан

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг шу йил 20 май куни бўлиб ўтган мажлисида Навоий вилоят маъмурий суди раиси О.Тошевни жиноий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисидаги тақдимнома маъқулланган.

Отабек Тошев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 206-моддасида (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланмоқда. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига кўра, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди.

 

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни 63-моддасига мувофиқ, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг раислари ва раис ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг раиси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади.

 

Олий суд Матбуот хизмати